Арк ва Қўш мадраса реставрация қилиниб, Жадидлар мероси ҳамда давлат санъат музейлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Бухоронинг тарихий марказидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ягона меъморий услуб асосида тартибга келтирилади, Арк музей-қўриқхонаси ва Қўш мадраса реставрация қилиниб, иккита янги музей ташкил этилади. Бу ҳақда 26-ноябр куни Шавкат Мирзиёев танишган Бухоро вилоятида туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини асраш ва тарихий шаҳарнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимотида маълум қилинди.
Тақдимотда Бухоро тарихий марказини ривожлантириш бўйича мастер-режа, меъморий ёдгорликларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шунингдек, замонавий маданий ҳамда туризм инфратузилмасини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Тарихий марказда пиёдалар учун қулай муҳит яратиш ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини ягона услубга келтириш ишлари UNESCO талабларига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган.
Хусусан, Арк музей-қўриқхонасида реставрация ишларини олиб бориш ва музей экспозицияларини янгилаш, Қўш мадраса меъморий ансамблини тиклаш, Бухоро мусиқали драма театрини реконструкция қилиш ҳамда Сомонийлар боғини ободонлаштириш таклифлари тақдим этилди. Шунингдек, Жадидлар мероси давлат музейи ва Бухоро давлат санъат музейини ташкил этиш режалари ҳақида маълумот берилди. Уларда тарихий ва замонавий кўргазма майдонларини яратиш кўзда тутилган.
Халқаро биеннале ва рақамлаштириш лойиҳалари
Тақдимотда 2027 йилда иккинчи Бухоро халқаро биенналесини ўтказиш концепцияси ҳам кўриб чиқилди. Унинг доирасида Сомонийлар боғидан Арк қалъаси ва Пойи Калон мажмуаси орқали Лаби Ҳовуз ансамблигача давом этадиган 2,3 километрлик маданий сайр йўналишини ташкил этиш таклиф қилинди. Йўналиш тарихий обидалар, кўргазма ва жамоат майдонларини бирлаштиради.
Бундан ташқари, АҚШ ва Корея ташкилотлари билан ҳамкорликда маданий мерос объектларини рақамлаштириш, уларнинг уч ўлчамли моделларини яратиш, археологик ашёларни муҳофаза қилиш ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида ахборот берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар қилинганди.