Logo

АИ-92 бензинини сунъий равишда қиммат сотаётган «заправка»лар аниқланди

Kecha 21:312 daqiqa

Оҳангаронда сифатсиз АИ-92 бензини сотган шохобчага 37 млн сўм, Андижонда эса тегишли хулосасиз ишлаган АЙҚШга 88 млн сўм жарима солинди.

АИ-92 бензинини сунъий равишда қиммат сотаётган «заправка»лар аниқланди © Foto: uzenergoinspeksiya

Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида давлат стандартларига жавоб бермайдиган АИ-92 бензини сотилгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзенергоинспексия хабар берди.

Ўзенергоинспексия ва Рақобат қўмитаси ҳамкорлигида ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш ҳамда амалдаги талаблар бажарилишини таъминлаш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилди. Ўрганишларда Тошкент шаҳридаги П. Н. О. га ҳамда Фарғона шаҳридаги У. М. фирмасига қарашли АЙҚШларда АИ-92 маркали бензин сунъий равишда қимматлаштирилган нархда сотилаётгани қайд этилган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан АЙҚШ масъулларига тушунтиришлар берилиб, профилактик чоралар кўрилган. Шунингдек, нарх билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф этиш ва уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — ёқилғи бозорида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш, нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат», — дейилади хабарда.

Сифатсиз бензин ва хулосасиз фаолият учун жарималар

Инспексия ходимлари Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги Б.М.О. корхонасига қарашли АЙҚШда сифатсиз автобензин сотилаётгани юзасидан келиб тушган мурожаатни жойига чиққан ҳолда ўрганди.

АЙҚШда сотилаётган АИ-92 маркали автобензиндан намуналар олиниб, кимё лабораториясида текширилганда, ёқилғи давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Натижада шохобча фаолияти тўхтатилиб, сотилган нефт маҳсулоти қийматининг 50 фоизи — 37 млн сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Шунингдек, Андижон вилоятидаги А. Х. корхонасига қарашли АЙҚШ тегишли мувофиқлик хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани аниқланди. Корхонага базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (88 млн сўм) миқдорида жарима қўлланилди.

Шу билан бирга, Навоий вилоятида 14 та, Сурхондарёда 18 та, Андижонда эса 19 та газ тўлдириш ва ёқилғи қуйиш шохобчаси ўрганилди. Уларда нефт маҳсулотлари нархларини сунъий ошириш ҳолатлари аниқланмади.

Teglar

Mavzuga oid