40 нафар боғча боласини маст ҳолда ташиган автобус ҳайдовчиси жазоланди

Бугун 10:451 дақиқа

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида маст ҳолатда 40 нафар боғча боласини ташиб юрган автобус ҳайдовчиси суд қарори билан жазоланиб, 3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилди.

40 нафар боғча боласини маст ҳолда ташиган автобус ҳайдовчиси жазоланди © Videodan lavha / YHXB

28 апрель куни ЙПХ ходимлари томонидан йўловчи ташувчи “Isuzu” автобуси тўхтатилган. Текширув жараёнида ҳайдовчининг маст экани аниқланган. Шу вақтда автобус салонида 40 нафар мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси бўлган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини ҳам бажармаган. Кейинчалик ўтказилган суд мажлисида у ўз айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирган.

Суд ҳайдовчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми, 194-моддаси 1-қисми ва 128−8-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топди.

Қарорга мувофиқ, у 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, унга БҲМнинг 40 баравари миқдорида — 16 миллион 480 минг сўм жарима тайинланди.

ЙҲХБ ушбу ҳолатдан сўнг ота-оналарни болалар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишга чақирди. Идора фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаслик ва ташувчилар фаолиятини назорат қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Аввалроқ Навоий вилоятининг Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган “Matiz” йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. Автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган оилавий боғча раҳбари бошқарган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи аёл вафот этган, болалар эса шифохонага ётқизилган.

Теглар

Мавзуга оид