
5 ойда 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллари олди
Ўзбекистонда жарима баллари тизими жорий этилганидан сўнг, ЙТҲлар сони 6,3 фоизга, ҳайдовчилар айби билан содир бўлгани эса 31,2 фоизга камайди, деб хабар бермоқда ЙҲХХ.

Ўзбекистонда жарима баллари тизими жорий этилгандан бери ҳайдовчилар орасида йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари сезиларли даражада камайган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) матбуот котиби Зоир Йўлдошев маълум қилди.
Маълумотларга кўра, тизим 2025 йил 1 июндан амалга киритилган бўлиб, беш ой ичида 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллари олган. Уларнинг аксарияти — 114 374 нафари — бир баллдан беш баллгача тўплаган. Шунингдек, олти ҳайдовчи беш баллдан ортиқ, иккитаси етти ва саккиз баллгача жарима олган.
ЙҲХХ маълумотларига кўра, тизим жорий этилгандан кейин йўл-транспорт ҳодисалари умумий сони 6,3 фоизга, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган авариялар эса 31,2 фоизга камайган.
«Бу рақамлар қасидир маънода жарима баллари тизими ҳақиқатан ҳам самарали ишлаётганини кўрсатмоқда: у жорий этилгунга қадар бундай ижобий ўзгаришлар кузатилмаган эди», — деди Йўлдошев.
Вазирлик вакили таъкидлашича, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб жарима баллари нафақат инспекторлар баённомалари, балки камера ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар асосида ҳам ҳисобланади. Бу ҳолда балллар автомобил эгаси ва уни ишончнома ёки суғурта полиси асосида бошқараётган шахс ўртасида тақсимланади.
Айни пайтда, ҳайдовчилар ўз жарима балларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Safe Road мобил иловаси орқали текширишлари мумкин. 12 балл тўпланган тақдирда ҳайдовчилик ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этиш белгиланган.





