add

6 баллдан юқори зилзилада барвақт огоҳлантириш жорий этилади

07.01.2026 | 18:181 дақиқа

«Ўзбекистон–2030» стратегиясида 6 баллдан юқори зилзилалар учун аҳолини 100 фоиз барвақт огоҳлантириш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

6 баллдан юқори зилзилада барвақт огоҳлантириш жорий этилади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида фавқулодда вазиятлар ва глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни камайтириш аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Ҳужжатда табиий офатларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг салбий оқибатларини минималлаштиришга қаратилган аниқ вазифалар қамраб олинган.

Лойиҳага мувофиқ, республикадаги сейсмик фаол ҳудудларда 6 балл ва ундан юқори зилзила содир бўлган тақдирда аҳолини барвақт хабардор қилиш тизими 100 фоиз жорий этилади. Бу тизим орқали аҳолига зилзила хавфи ҳақида тезкор ахборот етказиш, шу орқали инсон йўқотишлари ва моддий зарарларни камайтириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, илмий-техник ёндашувлар асосида хавф индикаторлари ишлаб чиқилади. Уларга таянилган ҳолда ҳар бир маҳалла хавф даражасига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади ҳамда бу тоифалар бўйича хавф даражаларини тўлиқ белгилаш режалаштирилган.

Стратегия лойиҳасида хавф кўрсаткичларини пасайтиришга қаратилган профилактик чора-тадбирларни ҳудудлар, туман ва шаҳарлар ҳамда маҳаллалар кесимида амалга ошириш вазифаси ҳам белгиланган. Бу чоралар инфратузилмани мустаҳкамлаш, аҳолини тайёрлаш ва хавфларни бошқаришни қамраб олади.

Натижада, ҳозирда энг хавфли ҳисобланган «қизил» тоифадаги маҳаллаларни босқичма-босқич «сариқ» ва кейинчалик «яшил» тоифага ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу эса аҳолининг табиий офатларга тайёргарлигини ва умумий хавфсизлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид