80 киши ҳалок бўлди: Эбола тарқалиши сабаб ЖССТ халқаро хавф ҳақида огоҳлантирди

Кеча 21:402 дақиқа

Конго ва Угандада «Bundibugyo ebolavirus» тарқалиши ортидан ЖССТ эпидемияни халқаро хавфли соғлиқ ҳолати сифатида баҳолади.

80 киши ҳалок бўлди: Эбола тарқалиши сабаб ЖССТ халқаро хавф ҳақида огоҳлантирди © forbes

Конгода Эбола вируси сабабли деб тахмин қилинган 80 киши вафот этди. Эбола инфекциясининг қўшни мамлакатга ҳам ўтгани қайд этилди, деб хабар берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).
ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Конго демократик республикасидаги касаллик авж олишидан сўнг аҳоли орасида жами 80 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг Эбола вируси билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.

Лаборатория таҳлиллари «Bundibugyo ebolavirus»нинг мавжудлигини тасдиқлаган. Текширилган 13 намунадан 8 тасида вирус аниқланган. Намуналар Итури вилоятидаги икки соғлиқни сақлаш ҳудудидаги беморлардан олинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маҳаллий ҳокимиятларга ёрдам бериш ва эпидемияга қарши чораларни мувофиқлаштириш учун мутахассислар гуруҳини ҳудудга юборди. Ташкилотнинг таъкидлашича, касаллик аҳоли ҳаракати юқори бўлган ва «мураккаб оператив вазият» кузатилаётган ҳудудларда тарқалмоқда. Бу эса инфекциянинг янада кенгайиш хавфини оширмоқда.

Қўшни Угандада ҳам вирус юқтириш ҳолати тасдиқланган. Конго демократик республикасидан келган бемор Угандадаги тиббиёт муассасасида даволанган, аммо кейинчалик вафот этган.

Фавқулодда вазият, аммо пандемия эмас

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «Х» ижтимоий тармоғида Конго ва Угандадаги «Bundibugyo ebolavirus» келтириб чиқарган Эбола эпидемияси муносабати билан халқаро аҳамиятга эга фавқулодда соғлиқни сақлаш ҳолати эълон қилинганини маълум қилди.

Ташкилот баёнотида шундай дейилади:

«ЖССТ бош директори иштирокчи давлатлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг, Бундибуджио вируси келтириб чиқарган Эбола иситмаси Конго демократик республикаси ва Угандада халқаро хавф туғдирувчи жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазият эканини белгилайди. Бироқ у пандемия даражасидаги фавқулодда ҳолат мезонларига тўлиқ жавоб бермайди».

Теглар

Мавзуга оид