83 трлн долларлик мерос: Дунё тарихдаги энг йирик бойлик узатилишига тайёрланмоқда

Кеча 22:253 дақиқа

UBS ҳисоботига кўра, дунёдаги энг йирик бойлик узатилиши жараёнида асосий хатар – оилавий мулоқот етишмаслиги.

83 трлн долларлик мерос: Дунё тарихдаги энг йирик бойлик узатилишига тайёрланмоқда © Bloomberg

Дунё тарихдаги энг йирик бойлик узатилишига тайёргарлик кўрмоқда – кейинги 20–30 йил ичида тахминан 83 триллион доллар авлоддан авлодга ўтади. Бироқ UBSнинг «Global Next Generation Report 2026» ҳисоботига кўра, бу жараён бозор инқирозлари эмас, балки оддий мулоқот етишмаслиги сабаб муаммоли бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Fortune» хабар берди.

Кўплаб меросхўрлар тан олишича, пул ҳақида гаплашишга ҳамма тайёрдек туюлади, аммо амалда бу суҳбатлар бўлмайди. Одатда ҳар ким биринчи бўлиб бошқаси бошлайди, деб кутади.

UBS маълумотларига кўра, жавобгарликдан қочиш кўпинча «махфийлик» ортига яширилади. Янги авлод меросхўрларининг қарийб 80 фоизи оила молияси ҳақида яхши тушунчага эга деб ҳисоблайди:

48 фоиз – барча жиҳатларни тушунаман дейди

30 фоиз – айрим йўналишларни тушунади

Бироқ уларнинг анча кам қисми бу активлар нима мақсадда яратилганини англайди.

Сўров иштирокчиларидан бири бу ҳолатни шундай изоҳлаган: техник масалалар (солиқлар, структура) яхши тушунтирилган, аммо «инсоний қисм» – мотивация, мақсад ва кутилмалар ноаниқлигича қолган.

Сўралганларнинг қарийб ярми эса олдинги авлод умуман аниқ мерос стратегиясига эга бўлмаганини айтган. Натижада, янги авлод нафақат пул, балки ноаниқликни ҳам «мерос қилиб олмоқда». Шу билан бирга, кўпчилик болалигиданоқ босим ҳис қилади – ҳатто оилада пул ҳақида очиқ гаплашилмаса ҳам.

Оилавий капитал ҳақида қачон гаплашиш керак

UBS маълумотларига кўра, сўров иштирокчиларининг 56 фоизи оилавий капитал ҳақида гаплашишни болалик ёки ўсмирлик давридан бошлаш керак, деб ҳисоблайди. Аммо амалда бундай суҳбатлар кўпинча катта ёшгача кечиктирилади. Тадқиқот шуни кўрсатадики, эртароқ мулоқотни бошлаган оилаларда нафақат мол-мулкни, балки масъулиятни ҳам ўтказиш анча осон кечади.

UBS’га кўра, бой оилалардаги асосий муаммо – бу мулоқот етишмаслиги (33 фоиз). Фақат шундан кейин харажатлар ёки адолат бўйича келишмовчиликлар келади. Кўпинча ўлим, мерос, молияни назорат қилиш каби мураккаб мавзулар инқироз пайтигача ортга сурилади ва айнан ўша пайтда зиддиятлар келиб чиқади.

Айрим ҳолатларда вазият кескин тус олади: меросхўрлар ўз активлари ҳақида илк марта расман молиявий маслаҳатчилар билан учрашувда, яъни траст очилиши (disclosure) жараёнида билишади. Бу жараён оддий оилавий суҳбат эмас, балки бизнес учрашувига ўхшайди. Бу эса кўплаб оилаларда нормал мулоқот умуман шаклланмаганини кўрсатади.

Кейинги авлод ташаббусни қўлга олмоқда

UBS маълумотларига кўра, замонавий меросхўрлар тобора фаоллашмоқда. Активларни ўтказиш жараёнини ўзи бошлайдиган ёшлар улуши 13 фоиздан 22 фоизгача ошган. Улар фақатгина тайёр пулни қабул қилувчи бўлишни истамайди — аксинча, «бошқарувчи» бўлишни ва оилавий стратегияни шакллантиришда сўзга эга бўлишни хоҳлайди.

Нега бу муҳим?

CEOWORLD тадқиқотига кўра, оилавий бойликнинг тахминан 70 фоизи иккинчи авлодгача, 90 фоизи эса учинчи авлодгача йўқолади. Бунинг асосий сабаби нотўғри инвестициялар эмас, балки ички келишмовчиликлар ва умумий қарашнинг йўқлигидир.

UBS тадқиқоти ҳақида

UBSнинг «Global Next Generation Report 2026» тадқиқотида дунёдаги энг бой инсонлар авлодларига мансуб 170 нафардан ортиқ иштирокчи — болалар, неваралар ва чеваралар сўровдан ўтказилган.

Теглар

Мавзуга оид