
9 та ташкилотнинг туман (шаҳар) бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади
Президентининг тегишли фармони билан бир қанча вазирликлар ва ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-186-сонли фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 8-октябрдаги ПҚ-298-сон қарорида белгиланган «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та туманларда ҳамда Сурхондарё вилоятининг қолган барча туман (шаҳар)ларида қуйидаги 9 та республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилади:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;
Маданият вазирлиги;
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;
Ёшлар ишлари агентлиги.
Шунингдек, мазкур фармонга мувофиқ тажриба-синов татбиқ этилаётган туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (КПИ) тўлиқ эришса, келгуси йил учун ҳудудга «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини яратиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори 15 фоизга оширилади. Агарда самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (КПИ) эришилмаса, келгуси йил учун тегишли ҳудудга «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини яратиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори камайтирилади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.





