
9,2 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди
Рақобат қўмитаси бир қатор ҳудудларда давлат харидларида жиддий қонунбузилиш ҳолатларини фош этди.

Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан ўтказилган мониторинглар давомида давлат харидларида жами 9,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди. Текширувлар савдоларда рақобатни чекловчи ҳаракатлар мавжуд бўлган ҳолатларни қамраб олган.
Энг йирик қонунбузилишлар Қашқадарё, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятида қайд этилди. Жумладан, Қашқадарё вилоятида Ғузор туман ободонлаштириш бошқармасида 1,2 млрд сўм, «Шаҳрисабз туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасида эса 491 млн сўмлик харидлар қонун талабларига зид тарзда амалга оширилган.
Қорақалпоғистон Республикасида Нукус шаҳридаги «Мурувват» аёллар интернат уйида 893 млн сўм, «Ўздаверлойиҳа» институтининг ҳудудий бўлинмасида эса 1 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди.
Шунингдек, Шуманой тумани ободонлаштириш бошқармаси харидларида ҳам қоидабузарликлар қайд этилган.
Сурхондарё вилоятида Ангор туман мактабгача таълим бўлимида қарийб 1,8 млрд сўм, Суд-тиббий экспертиза маркази филиалида 120 млн сўм, Термиз туман МТБда 50 млн сўмлик харидлар қонун талабларига зид деб топилди. Хоразм вилоятида эса Хива ихтисослаштирилган интернат уйида 1,9 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланган.
Тошкент вилоятида «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган учта харид жараёнида жами 1 млрд сўмдан ортиқ маблағлар билан боғлиқ қоидабузарликлар кузатилган.
Текширувлар натижасида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани аниқланиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли ишлар қўзғатилди. Қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслиги учун мажбурий кўрсатмалар берилди.





