add

Абдусатторов London Chess Classic’да бир тур олдин чемпионликни расмийлаштирди

Бугун 07:585512 дақиқа

Лондондаги London Chess Classic 2025’нинг 8-туридан кейин ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 7 очко йиғиб, бир тур қолганда мусобақа ғолиби сифатида финишни таъминлади.

Абдусатторов London Chess Classic’да бир тур олдин чемпионликни расмийлаштирди

4 декабр куни Лондонда жойлашган Emirates Stadium мажмуасида шахмат бўйича London Chess Classic 2025 турнирининг 8-тур беллашувлари якунланди. 50 минг фунт стерлинг мукофот жамғармасига эга мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг етакчи шахматчилари иштирок этди. Улар орасида бош соврин учун курашган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов финишга бир тур қолганидаёқ чемпионликни қўлга киритди.

Абдусатторов 8-турда мусобақанинг биринчи рақамли иштирокчиси, Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиризо Фирўзжага қарши дона сурди ва дурангга эришди. Бу натижа унга 8 имкониятдан 7 очко тўплаш имконини берди. Фирўзжа эса 5 очко билан иккинчи ўринга жойлашди. Шундай қилиб, ўзбекистонлик гроссмейстер охирги тур натижасидан қатъи назар, турниир ғолиби сифатида ўз позициясини мустаҳкамлади.

Мусобақанинг сўнгги, 9-тур босқичида Абдусатторов украиналик гроссмейстер Павел Эляновга қарши ўйнайди. Бундан олдин у турнирни британиялик Гевейн Жонсга қарши дуранг билан бошлаб, кейин кетма-кет олтита ғалабани қўлга киритди. У мағлуб этган рақиблар қуйидагилар: Абҳимания Мишра (АҚШ), Никита Витюгов (Англия), Майкл Адамс (Британия), Николас Теодору (Греция), Сэм Шенкленд (АҚШ) ва Люк Макшейн (Британия).

London Chess Classic’даги муваффақиятдан сўнг Нодирбек Абдусатторовнинг рейтинг кўрсаткичлари кескин яхшиланди. У онлайн-жадвалда 20 очко қўшиб, 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилди. Бу натижа уни дунё элитаси қаторида янада мустаҳкам ўрин эгаллаганини кўрсатади.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтган FIDE Жаҳон Кубоги финалида ўзбекистонлик 19 ёшли шахматчи Жавоҳир Синдоров ғолиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид