
Адлия вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
Президент қарорига кўра, тажрибали ҳуқуқшунос Маҳмуд Истамов адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Президентнинг тегишли қарори билан Маҳмуд Шухратович Истамов Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Янги раҳбар 1979 йилда Бухоро шаҳрида туғилган бўлиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси ҳисобланади. У 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Иш фаолиятини шу йили Адлия вазирлиги Идоралараро меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқармада бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи ва бошқарма раҳбари ўринбосари вазифаларини бажарган. 2004–2006 йилларда вазирлик тузилмасидаги бир қатор марказларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
2006–2011 йилларда Президент девонининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш хизматида адлия ва суд идоралари масалалари бўйича инспектор сифатида фаолият юритган. 2011–2014 йилларда шу хизматда етакчи инспектор бўлиб ишлаган. 2014–2017 йилларда эса Президент девонининг сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича бўлимига раҳбарлик қилган.
2017 йилда Президент девонининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизматида суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик бўйича шуъба мудири лавозимини эгаллаган. Шундан кейин 2017–2019 йилларда адлия вазирининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари сифатида иш юритган.
2019–2021 йилларда Маҳмуд Истамов Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари, 2021–2024 йилларда Бухоро вилояти прокурори лавозимларида фаолият олиб борган. Кейинчалик, 2024–2025 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девонига раҳбарлик қилган.
Тайинловга қадар эса, 2025 йилдан бошлаб адлия вазирининг ўринбосари сифатида ишлаб келган. Янги лавозим унга соҳадаги кўп йиллик тажрибасига асосан топширилгани қайд этилмоқда.





