
Администрация ходимлари вазирларга ўринбосар бўлди
Отабек Раҳмонов Бош вазирнинг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича маслаҳатчиси лавозимига, Баҳодир Нормуродов Бош прокурорнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Отабек Турдимуҳаммадович Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Билдирилишича, тайинлов тўғрисида Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарори қабул қилинган.
Отабек Раҳмонов шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари котибияти мудири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Янги ишга ўтиши муносабати билан у мудир ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг бошқа бир фармони билан эса Баҳодир Зокир ўғли Нормуродов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси Комплаенс хизмати шоъба мудири сифатида ишлаб келаётган эди. Янги ишга ўтиши муносабати билан у ушбу лавозимидан озод этилди.
Президентнинг яна бир қарори билан Жалол Жабборович Қурбонов Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси мудири лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари Рустам Мирзаев лавозимидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.





