Адвокат: Фазлиддин Меҳмонов ишида айбсизлик презумпцияси топталмоқда

13.02.2026 | 09:302 дақиқа

«Demokrat.uz» раҳбари ва блогер товламачиликда айбланмоқда, аммо ҳимоя томони айбловлар етарли далиллар билан тасдиқланмаганини айтмоқда.

Адвокат: Фазлиддин Меҳмонов ишида айбсизлик презумпцияси топталмоқда

11 феврал куни «Demokrat.uz» директори Фазлиддин Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаров қамоққа олинди. Уларнинг адвокати Санжар Алибоев айбловларнинг асослилигини қонуний тартибда текшириш зарурлигини билдирди.

Адвокат Vaqt.uz мухбирига берган изоҳида «ҳозирга қадар пул маблағлари айнан товламачилик йўли билан қўлга киритилгани қонунда белгиланган тартибда, ишончли ва етарли далиллар билан тасдиқлангани ҳақида хулоса қилиш учун асос мавжуд эмас», деб ҳисоблашини айтди.

Унинг таъкидлашича, ҳимоя томони тақдим этадиган далиллар тўлиқ ўрганилмасдан туриб, бир томонлама хулосага келиш процессуал тенглик ва айбсизлик презумпцияси тамойилларига зид.

 

Адвокат позицияси

«Ҳимоя остидаги шахсларнинг мавжуд далилларини ҳар томонлама баҳоламасдан туриб, уларни амалда айбдор сифатида талқин қилиш ёки шундай тасаввур уйғотувчи баёнотлар бериш уларнинг шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин», деди Санжар Алибоев.

Унинг сўзларига кўра, тергов ҳаракатлари айбловни мустаҳкамлаш эмас, балки ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлиши керак.

Алибоев Бош прокуратура, Омбудсман ва бошқа ваколатли органлардан мазкур ҳолатни қонунийлик ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ўрганишни сўради.

 

Расмий айблов

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Меҳмонов ва Ғоипназаровга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатган. Тергов версиясига кўра, 2025 йил 15 декабр куни Сергели туманидаги автосалон фаолияти ҳақида обросизлантирувчи видео тарқатилган.

Айбловга кўра, гумонланувчилар материални ўчириш ва кейинги салбий хабарларни эълон қилмаслик эвазига тадбиркордан 50 минг доллар талаб қилган. Расмий маълумотларга мувофиқ, 29 январ куни 3 минг доллар олинган, 10 февралда эса 17 минг доллар қабул қилаётган вақтида гумонланувчилар ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид