add

Афғонистондаги 6,3 балли зилзилада 12 киши қурбон бўлди

Бугун тунги соат 1:30 ларда Афғонистон шимолида содир бўлган кучли зилзила Ўзбекистоннинг кўп қисмида сезилди. Табиий офат камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 150 дан ортиқ одам яраланган.

Афғонистондаги 6,3 балли зилзилада 12 киши қурбон бўлди

3 ноябрга ўтар кечаси соат 1:30 ларда Афғонистон шимолида жойлашган Мозори Шариф шаҳри яқинида 6,3 балллик зилзила содир бўлди. Кучли сейсмик тебранишлар Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида аҳоли уйқусини учирди.

Маълумотларга кўра, зилзила ўчоғи Мозори Шарифдан жанубий-шарқда бўлган ва бир дақиқача давом этган. CNN телеканалининг Афғонистон расмийларига таяниб маълум қилишича, табиий офат оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган, 150 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган. Мозори Шарифдаги тарихий Кўк масжиднинг айрим қисмлари шикастлангани маълум қилинди.

Зилзила кучи айниқса эпицентрдан 90 километр узоқликда жойлашган Термиз шаҳрида кучли сезилган. Бу ерда тебранишлар 5,5 балл атрофида қайд этилган. Қашқадарё вилоятида 4–4,5 балл, Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларида 3 балл атрофида, Тошкент шаҳрида эса 2,5–3 балл даражасида ҳис этилган.

Сейсмологларнинг таъкидлашича, бу зилзила Ер юзида сўнгги 24 соат ичида қайд этилган энг кучлиси бўлиб турибди. Ўзбекистон ФВВ ҳозирча Ўзбекистон ҳудудида талафотлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаганини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид

Афғонистондаги 6,3 балли зилзилада 12 киши қурбон бўлди | Vaqt.uz