
Афғонистондан Тожикистон ҳудудига уюштирилган ҳужумда уч нафар хитойлик ҳалок бўлди
Ҳужум ўқотар қуроллар ва гранаталар билан жиҳозланган дрон ёрдамида амалга оширилган.

Афғонистон ҳудудидан Тожикистон жанубига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида уч нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлди. Ҳужум ўқотар қуроллар ва гранаталар билан жиҳозланган дрон ёрдамида амалга оширилган. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 ноябр куни кечаси Афғонистон томонидан чегарада жойлашган Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин тумани «Йўл» чегара отрядининг «Истиқлол» 1-чегара пости ҳудудида жойлашган «Шохин СМ» корхонаси ходимлари базасига қуролли ҳужум уюштирилган.
Ҳужум оқибатида компаниянинг уч нафар ходими — Хитой фуқаролари ҳалок бўлган. Вазирликнинг аниқлаштиришича, ҳужум ўқотар қурол ва гранаталар билан жиҳозланган учувчисиз учиш аппарати ёрдамида амалга оширилган.
Баёнотга кўра, Тожикистон томонининг Тожикистон ва Афғонистон чегараолди ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳитини яратиш бўйича изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, ушбу мамлакат ҳудудида жойлашган жиноий гуруҳларнинг чегараолди вазиятни бузишга қаратилган ҳаракатлари давом этмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ҳудудига қилинган ҳужум ва уч нафар Хитой фуқаросининг ҳалок бўлишини қаттиқ қоралади. Тожикистон ҳукумати Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини чегарада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун «самарали чоралар кўриш»га чақирди.
Маълумот учун, 2024 йил 18 ноябр куни Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин туманидаги Зарбуз дарасида афғон кучларининг ҳужуми оқибатида бир нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган ва беш нафари жароҳат олган эди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг 19 ноябрдаги баёнотида айтилишича, ҳужум Хитойнинг хусусий компанияси ходимлари ишлайдиган жойда содир бўлган.
Пекин содир бўлган воқеани кескин қоралаб, уни «шафқатсиз ҳужум» деб баҳолади ҳамда тожик-афғон чегарасида ишлайдиган хитойлик фуқароларни хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чақирди.





