«Агар бекатлардаги дўконларнинг эгалари ҳамма талабларни бажарса, улар бузилмайди» — Фурқат Муродов
Vaqt.uz журналисти янги автобус бекатлари бўйича масъулларни саволга тутди. Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази раҳбари ўринбосарига кўра, дўкон эгалари агар қарор талаби бўйича мажбуриятларини бажарган бўлса, магазинлар жойида қолади. Шу пайтгача фақат талабларни бажармаганлари бузилган.
© Ijtimoiy tarmoqlar28-июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида янги автобус бекатлари масаласига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида Vaqt.uz журналисти пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази раҳбариятига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
У шаҳарнинг аввалги ҳокими дўконли бекатларга рухсат бергани, бу галги ҳоким эса замонавий бекатларни йўлга қўйиш учун ташаббус билан чиққанини айтиб, янги бекатлар қурилиши муносабати билан ўша ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларга дўконлари бузилишидан олдин бирор муқобил таклиф ёки шартлар тақдим этилган-этилмагани ҳақида сўради.
«Бир кун эмас, икки кун эмас, йиллар давомида бекатлар нотўғри ишлаган экан. Кечирасиз, ҳокимлик қаёққа қараган? Назорат охир-оқибат ҳокимиятда эмасмиди? Янги бекат қуришдан олдин ўша дўконнинг эгасига бориб «Бўлди, ҳужжат бўйича дўконинг 30 фоизини эгаллаши керакми, 30 фоизини эгаллайсан, қолганини бўшатиб қўй», деб шарт қўйиш имкони йўқмиди? Дўкон эгалари дўкони бузилгандан кўра ўша 70 фоизини бўшатиб қўйишга жон деган бўларди», — деди у.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази масъули эса бекатлардаги дўкон эгаларига ўша ер уларга нима мажбурият билан берилган бўлса, уни таъминлаб қўйиш юзасидан хабарнома юборилишини маълум қилди.
«Ҳар битта дўкон индивидуал берилган. Шартлари ҳар хил. Кимдадир, дейлик, 100 квадрат берилган жойлари ҳам бор. 30 квадрат дўкон бўлсин, 30 квадрат йўловчига қулайлик бўлсин. Буни кўтаряпмиз, албатта ҳаммасига берамиз. Мен бу позициянгизни 100 фоиз қўллаб-қувватлайман», — дея жавоб берди у.
Унинг сўзларига кўра, дўкон эгалари агар ўша берилган қарор талаби бўйича мажбуриятларини бажарган бўлса, магазинлар жойида қолади. Шу пайтгача фақат талабларни бажармаганлари бузилган.
«Бекатга қўйилган талабларимиз бор эди, дейлик, перрони, ногиронлар учун кутиш зали, хавфсизлик учун камера ва ҳоказо. Бекат сифатида функционал, автобус тўхташи учун, хуллас, ҳамма ҳозирги стандарт бўйича талабларга жавоб берса, эътирозимиз йўқ», — дейди Муродов.





