Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш: 2026 йилги жараёнга старт берилмоқда

14.01.2026 | 14:182 дақиқа

2026 йилда Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тўлиқ рақамли форматда ўтказилади. Жараён мамлакатнинг келгуси ижтимоий-иқтисодий сиёсати учун асосий маълумот манбаига айланади.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш: 2026 йилги жараёнга старт берилмоқда

2026 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасида оммавий ахборот воситалари учун аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга бағишланган брифинг ўтказилди. Тадбирда қўмита раиси Беҳзод Ҳамраев рўйхатга олишнинг мақсади, босқичлари ва техник жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Қўмита раисининг таъкидлашича, мазкур рўйхатга олиш — мамлакатда 1989 йилдан буён илк бор ўтказилаётган энг йирик статистик тадбирлардан бири бўлиб, аҳоли сони ва таркиби, яшаш шароити, меҳнат ресурслари ҳамда қишлоқ хўжалигининг реал ҳолатини аниқлаш имконини беради. Олинган маълумотлар давлат дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш режалари ва манзилли ижтимоий қарорларни ишлаб чиқишда асос бўлади.

Жараён Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги фармони асосида икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич 15–31 январ кунлари ўтказилиб, фуқаролар махсус интернет портали орқали мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бу усул қулайлиги ва тезкорлиги сабабли аҳолига устувор тарзда тавсия этилмоқда. Иккинчи босқич 4–28 февраль кунлари «маҳалла еттилиги» тизими ходимлари томонидан уйма-уй юриб, планшетлар орқали амалга оширилади.

Рўйхатга олишни таъминлаш учун республика бўйича 223 та штаб ташкил этилган, 55 мингдан ортиқ ходим махсус тайёргарликдан ўтган. 2025 йил декабрь ойида 7 миллиондан зиёд турар жой объектларининг GPS координаталари аниқланди, шунингдек, жараённи реал вақтда кузатиш учун мониторинг тизимлари ишлаб чиқилди.

Маълумотларнинг махфийлиги алоҳида кафолатланади: барча ахборот қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Солиқ ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот узатилмайди.

Дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлга қадар, якуний ҳисоботлар эса 2027 йил 1 июлгача эълон қилиниши режалаштирилган. Масъуллар барча фуқароларни рўйхатга олишда фаол иштирок этишга чақирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид