
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш: тартиб, муддат ва мақсадлар
Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Мазкур жараён мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш учун зарур бўлган ишончли ва тўлиқ статистик маълумотларни шакллантиришга қаратилган.

Рўйхатга олиш жараёнида аҳолининг ёши, жинси, оилавий ҳолати, таълим даражаси, иш билан бандлиги, касби, даромад манбалари ҳамда миграция ҳолати бўйича умумий маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги йўналишида ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик бўйича реал кўрсаткичлар аниқланади. Фуқаролардан даромад миқдори, мол-мулк, уй-жой ёки транспорт воситалари сони ҳақида маълумотлар сўралмайди.
Рўйхатга олиш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда, 2026-йил 15–31-январ кунлари махсус расмий платформа орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Иккинчи босқичда, 4–28-феврал кунлари махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар томонидан уйма-уй юриб, планшетлар орқали рўйхатга олиш ишлари олиб борилади.
Сўровнома жами 71 та саволдан иборат бўлиб, шундан 54 таси аҳоли, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид масалаларни қамраб олади. Рўйхатга олиш давомида йиғилган барча шахсга доир маълумотлар қонун билан ҳимояланади, учинчи шахсларга ёки бошқа идораларга тақдим этилмайди ҳамда фақат умумлаштирилган статистик кўрсаткичлар шаклида фойдаланилади.
Рўйхатга олиш натижалари асосида давлат томонидан иш ўринларини яратиш, мактаб, боғча ва шифохоналар қуриш, ижтимоий хизматлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ресурсларини самарали режалаштириш бўйича қарорлар қабул қилинади.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида онлайн рўйхатдан ўтиш тавсия этилади. Ушбу усул орқали саволларга хотиржам ва аниқ жавоб бериш, шунингдек, вақтни тежаш имконияти мавжуд.





