Аҳоли валюта савдосининг 41 фоизини онлайн амалга оширган — Марказий банк

2025-йил давомида жисмоний шахсларнинг масофавий хизматлар орқали амалга оширган валюта савдоси 13,8 миллиард долларга етиб, умумий улушнинг 41 фоизини ташкил қилди.

Аҳоли валюта савдосининг 41 фоизини онлайн амалга оширган — Марказий банк

2025-йилда Ўзбекистонда аҳоли ва банклар ўртасида жами 33,6 миллиард долларлик хорижий валюта олди-сотди қилинди. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 8,1 миллиард долларга ёки 32 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банк таҳлилида маълум қилинди.

Жисмоний шахсларнинг валюта олди-сотди кўрсаткичи

Марказий банк маълумотларига кўра, банклар жисмоний шахслардан 21,6 миллиард долларлик валюта сотиб олган бўлиб, бу йиллик ҳисобда 34 фоиз ўсишни ташкил этди. Шу билан бирга, аҳолига 12 миллиард долларлик хорижий валюта сотилган ва бу кўрсаткич ҳам 27 фоизга ошган.

Операцияларнинг асосий қисми анъанавий валюта айирбошлаш шохобчалари ҳиссасига тўғри келди — 19,3 миллиард доллар ёки умумий ҳажмнинг 57 фоизи. Бироқ энг юқори ўсиш суръати онлайн хизматларда қайд этилди: масофавий хизматлар орқали амалга оширилган операциялар 13,8 миллиард долларга етди ва уларнинг улуши 41 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, 24/7 режимида ишловчи валюта банкоматлари орқали 574 миллион долларлик операциялар бажарилган бўлиб, бу сегмент ҳам барқарор ўсишни намоён этмоқда.

Мутахассислар фикрича, онлайн ва автоматлаштирилган хизматлар улушининг ортиши аҳоли учун молиявий хизматлардан фойдаланишни янада қулайлаштирмоқда. Бу эса рақамли банк инфратузилмаси изчил ривожланаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, банклар томонидан аҳолидан сотиб олинган валюта ҳажми сотилган валютага нисбатан 9,7 миллиард долларга кўп бўлган. Бу ҳолат ички валюта бозорида қўшимча таклиф шаклланишига ва бозор мувозанатини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид