
Akfa АҚШда $600 млн инвестиция ҳисобига завод қуришни бошлади — Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Akfa Group Кентукки штатида алюминий маҳсулотлари, автомобиль бутловчи қисмлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Akfa Group турк компанияси билан ҳамкорликда АҚШнинг Кентукки штатида йирик ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни бошлади. Бу ҳақда гуруҳ асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига интервюсида маълум қилди, дея ёзмоқда Газета.
Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, янги заводда алюминий маҳсулотлари, автомобиль бутловчи қисмлари, қуёш батареялари ва деразалар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.
«Бу ерда алюминий маҳсулотлари, автомобилларга эҳтиёт қисмлар, қуёш панелларига эҳтиёт қисмлар, ойналарга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган фабрикани бошладик. Худо хоҳласа, биринчи йили 105 миллион доллар инвестиция жалб қилинмоқда. Ундан ташқари, умумий 600 миллион долларлик инвестиция жалб қилинмоқда Америка Қўшма Штатларидаги фабрика учун», - деган тадбиркор.
Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018—2023 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган.





