Logo

Алиментни ойлик даромадга қараб ҳисоблаш тартиби бекор қилиниши мумкин

Қонунчиликка кўра, расмий даромад олувчилар ҳам, норасмий ишлайдиган шахслар ҳам алиментни ўз ойлик даромадидан келиб чиққан ҳолда тўлайди. Бунда 1 бола учун — иш ҳақининг тўртдан бир қисми, 2 фарзанд учун — учдан бир қисми ва 3 ва ундан ортиқ бола учун — иш ҳақининг ярми ундирилади.

Алиментни ойлик даромадга қараб ҳисоблаш тартиби бекор қилиниши мумкин

Сенатнинг 11-сентябр куни бўлиб ўтган 19-ялпи мажлисида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова мамлакатда алимент миқдорини белгилаш тартиби ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

У йиғилишда охирги пайтларда алимент масаласи кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётганига тўхталар экан, алимент тўлашдан бош тортиш мақсадида ҳақиқий даромадини яшираётганлар, минимал ойлик тўланадиган ишга ўзини расмийлаштириб, алимент миқдорини камайтириш ҳолатлари кузатилаётганини айтди.

Ҳукумат бундай ҳолатларни инобатга олиб, янгича ундирув механизми ишлаб чиқиш таклифини берди. Каттахонова болалар таъминотини мустаҳкамлаш ва кафолатлаш мақсадида ҳар бир ёш тоифалари кесимида минимал истеъмол савати белгиланишини айтиб, алимент миқдорини ота ёки онанинг ойлигидан келиб чиқиб эмас, болага керак бўладиган истеъмол савати асосида белгилаш таклиф этилаётганини маълум қилди.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳукумат Мажбурий ижро бюросининг алимент ундириш функциясини хусусий секторга ўтказиш таклифини илгари сурмоқда.

Оила кодексига кўра, расмий даромад олувчи фуқаролар, шунингдек, норасмий ишлайдиган шахслар ҳам алиментни ўз ойлик даромадидан келиб чиққан ҳолда тўлайди. Алимент миқдори фарзандлар сонига қараб қуйидагича белгиланади:

  • бир бола учун — иш ҳақининг тўртдан бир қисми;

  • икки фарзанд учун — учдан бир қисми;

  • уч ва ундан ортиқ бола учун — иш ҳақининг ярми ундирилади.

Шу билан бирга, суд томонларнинг моддий ва оилавий шароитини инобатга олган ҳолда алимент миқдорини камайтириши ёки ошириши мумкин.

Норасмий даромад оладиган шахслар учун алимент миқдори ўртача иш ҳақи асосида ҳисоблаб чиқилади. Айни пайтда расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар томонидан тўланадиган алимент миқдори қуйидагича:

  • бир бола учун — 1,7 миллион сўм;

  • икки фарзанд учун — 2,3 миллион сўм;

  • уч ва ундан ортиқ болалар учун — 3,4 миллион сўм.

11-сентябр куни қабул қилинган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага алимент тўлаши шарт бўлган ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмайди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари жалб этилиши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид