
Алишер Қодиров: «Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг»
«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари ортиқча исрофни чеклаш учун тўйларга ҳашамат солиғи жорий этилиши кераклигини айтди.

Ўзбекистонда дабдабали тўйларни чеклаш мақсадида ҳашамат солиғини жорий этиш таклиф этилди. Бу ташаббус «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров томонидан 16 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди. Унинг таъкидлашича, тўй маросимларидаги ортиқча исроф жамият учун оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Қодировнинг айтишича, партия дабдабали тўйларга нисбатан принципиал позицияга эга ва бу қарашдан воз кечмаган. У халқни «кўрпага қараб оёқ узатиш» тамойилига амал қилишга чақириб, тўйларни кимгадир ўзини кўрсатиш воситасига айлантирмаслик лозимлигини таъкидлади. Даромадларни фақат тўй маросимларига сарфлаш миллий иқтисодий онгга салбий таъсир қилаётгани қайд этилди.
«Тўйдан мақсад икки ёшнинг никоҳини жамоатчиликка эълон қилишми, эълон қилайлик. Буни тўртта одам билан ўтказасизми, бойлигингиз ошиб-тошиб кетган бўлса, ҳаммани чақириб, элга ош берасизми, марҳамат. Лекин чеклов томони солиқлар билан бўлиши лозим. Бизнинг таклифимиз бошидан шунақа бўлган: luxury tax, яъни ҳашамат солиғини жорий этиш. Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг. Масалан, 10 минг одамни чақириб тўй қилмоқчимисиз? Тўйда одам бошига қараб солиқ ҳисоблансин. 10 минг одамнинг солиғини тўлаб қўйинг-да, кейин шунча меҳмон билан тўй қилаверинг», — дейди у.
Қодиров, шунингдек, аҳолини молиявий ресурсларни тўғри тақсимлашга чақирди.
«Аввало, халқимизнинг ўзи тушуниб етиши керак. Кимгадир ҳавас қилиб ёки эргашиб, минг кишини йиғиб, сарф қилгунча, ўша пулни фарзандингизни ўқишига ишлатинг ёки машина олиб беринг, уй-жой билан таъминланг, деган нарсани одамларга сингдиришимиз керак. Бизнинг бу қарашимиз қандайдир протоколлар ёки ҳужжатлар билан бўлмайди. Бу манфаатларни тўғри тақсимлаш ва тўғри бошқариш орқали эришилиши керак бўлган нарса», — дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.





