
Алишер Қодиров: «Ҳукумат табиатга буйруқ бера олмайди»
«Миллий тикланиш» етакчисининг ҳаво сифати ҳақидаги баёноти жамоатчиликда баҳс уйғотди. Экспертлар давлатнинг хавфли жараёнларни камайтиришдаги масъулиятини эслатди.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳаво сифатининг ёмонлашуви борасида ҳукуматни айблаётганларни танқид қилиб, уларни «қўштирноқ ичидаги экспертлар» деб атади. У ўзининг Telegram каналида масъулларни одамларни чалғитувчи тахминлар тарқалишига йўл қўймасликка чақирди. Қодиров Ўзгидрометнинг ҳаво ифлосланиши табиий-иқлимий омиллар билан боғлиқлиги ҳақидаги баёноти кеч эълон қилинганини қайд этди ва «дунёдаги бирон ҳукумат табиатга буйруқ бера олмаслиги»ни таъкидлади.
Депутат ўзбек халқининг анъанавий қадриятларини эслаб, жамиятда тартиб ва аҳилликка таяниш лозимлигини билдирди. «Қудрат тафаккур, тартиб ва аҳиллигимизда. Унутманг, бизнинг безовталигимиз кимларнингдир хотиржам бўлиши учун жуда керак бўлиб турибди…» — деб ёзди у.
Иқтисодчи-журналист Баҳодир Абдуллаев эса партия раҳбарининг фикрларига муносабат билдириб, табиатга буйруқ бериш мумкин эмаслигини тан олган ҳолда, давлатнинг бу каби нохуш жараёнларга таъсир ўтказиш имконияти борлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги вазият «дориси ўйлаб топилган касаллик»ка ўхшайди ва танқидлар муайян ҳаракат учун эмас, балки ҳаракатсизлик юзасидан янграмоқда.
Абдуллаев давлатнинг вазифаси бозор механизмлари имкони чекланган ҳолатларда аралашиб, ресурслар самарали тақсимланишини таъминлаш эканини эсга солди. Унинг фикрига кўра, давлат ҳавони ким ва қанча ифлослантираётганини ҳисоблаши, ортиқча тиббий харажатлар ва қисқарган умр кўринишдаги зарар миқдорини аниқлаши, шундан сўнг тегишли солиқ ва технологик стандартлар белгилаши керак. Шу билан бирга, эмиссия лимитлари бозорини яратиш ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилишда самарали инструментлардан бири саналади.





