add

Amazon Италиядаги солиқ терговини 180 млн еврога ёпди — Reuters

Бугун 20:19651 дақиқа

Манбаларга кўра, Amazon Италия ҳукумати билан солиқдан қочиш ва ноқонуний ишга ёллаш амалиётлари бўйича текширувларни тугатиш бўйича келишувга эришди.

Amazon Италиядаги солиқ терговини 180 млн еврога ёпди — Reuters

Reuters хабар қилишича, Amazon’нинг Италиядаги бўлимлари солиқ ва меҳнат қонунчилигини бузиш айбловлари юзасидан терговни якунлаш учун компенсация тўлашга рози бўлди. Компания етказиб берувчи ходимлар фаолиятини назорат қилувчи тизимни ҳам бекор қилишга мажбур бўлгани маълум қилинди. Текширувлар Amazon’нинг солиқ фирибгарлиги ва ноқонуний меҳнат амалиётларига аралашгани ҳақидаги айбловлар фонида олиб борилган.

Тергов 2024 йил июлида бошланиб, Amazon Logistics Италия қонунларини четлаб ўтишда айбланган эди. Прокурорлар компания ходимларни тўғридан тўғри ишга олмасдан, кооперативлар ва масъулияти чекланган жамиятлар орқали иш юргизганини, шу орқали ҚҚС тўловларини камайтириб, ижтимоий суғурта ҳиссаларини тўлиқ амалга оширмаганини билдирган. Тергов доирасида ўшанда Милан прокуратураси 121 миллион евро маблағни мусодара қилганди.

Манбаларнинг маълум қилишича, Amazon Италия солиқ идораларига 180 миллион евро тўлаб, ишни ёпиш бўйича келишувга эришди. Шу билан компания охирги икки йилда шундай айбловлар бўйича келишув орқали терговдан чиққан 30 дан зиёд йирик корпорациялар қаторига қўшилди.

Компания ўз баёнотида масала бўйича мутасаддилар билан позиция аниқлаштирилганини, ҳамкор кооперативлар билан ишлаш тизими юқори стандартларга жавоб беришини таъкидлади. Amazon, шунингдек, Италия институтлари ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик соҳада қонунларга риоя этишни яхшилаганини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид