
Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади
Ўзбекистон томонидан кенгашга Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамраислик қилади. Шунингдек, 2026-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Президент Администрацияси вакили — маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, Америка—Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади.
Фармонга келтирилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсад қилинган.
Кенгаш 2025-йил 4–6-ноябр кунлари президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи давомида “C5+1” саммити доирасида тузилган келишув асосида ташкил этилган. Ўзбекистон томонидан кенгашга Президент Администрацияси раҳбари раислик қилади, АҚШ томонидан эса Президент вакили ҳамраис сифатида иштирок этади.
Фармонда Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланиши белгиланди:
— стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;
— Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (ДФC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЙТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;
— тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;
— дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (ИТ-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;
— мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.
Шунингдек, 2026-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Президент Администрацияси вакили — маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилади. У ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.
Маслаҳатчи-элчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:
— Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш;
— Ўзбекистон томонидан кенгаш ишини комплекс мувофиқлаштириш.
Фармонда 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистон резидентларига АҚШдаги инвестиция операцияларини чекловларсиз амалга ошириш имконияти яратилиши ҳам назарда тутилган. Марказий банк бир ой ичида зарур қонунчилик ўзгаришларини киритади. Шу билан бирга, иқтисодий ва молиявий муассасаларга мамлакатнинг валюта захиралари ва активларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилган.
Фармон ижроси устидан назорат Президент Администратсияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилган.





