add

Америка ракетаси Россияни хавотирга солди

Пентагоннинг Minuteman III ракета синови Россияда кескин реакция уйғотди — Москва ядровий синовларни қайта бошлаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда.

Америка ракетаси Россияни хавотирга солди

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Пентагоннинг модернизация қилинган LGM-30G Minuteman III ракета синовига жавобан мамлакатда тўлиқ кўламли ядровий синовларга тайёргарликни дарҳол бошлаш зарурлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Новая Земля полигони бу каби тажрибаларни қисқа вақт ичида амалга оширишга тайёр ҳолда.

Белоусов таъкидлашича, Вашингтоннинг ядровий дастурлар бўйича ҳаракатлари глобал стратегик барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Унинг фикрича, АҚШ ядровий қуролни қисқартириш бўйича халқаро келишувлардан босқичма-босқич чиқиб кетмоқда ва стратегик қуролларини тез суръатда модернизация қилмоқда.

Вазирга кўра, АҚШ янги авлоддаги узоқ масофали ракета ва сувости кемаларини яратиш, шунингдек, консервациядаги пуск майдонларини фаоллаштиришни режалаштирган. У бу ҳаракатларни Россия хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолади ва мамлакат ядровий салоҳиятини “ҳар қандай шароитда зарур даражада сақлаб туриши” лозимлигини билдирди.

Белоусов, шунингдек, АҚШнинг Европа ҳудудида Dark Eagle гипертовушли ракеталарини жойлаштириш режаси Россия марказига олти-етти дақиқа ичида етиб бориши мумкинлигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у Вашингтон октябрь ойида Россияга нисбатан ракета-ядровий зарба сценарийси бўйича машқлар ўтказганини ҳам маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин йиғилиш давомида мамлакат ҳозирча Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномага содиқлигини тасдиқлади. Бироқ у АҚШ ёки бошқа иштирокчи давлатлар ядровий синов ўтказса, Москва “адекват жавоб чораларини кўради”, деб огоҳлантирди. Путин Ташқи ишлар, Мудофаа ва махсус хизматларга ядровий синовларга тайёргарлик бўйича таклифлар ишлаб чиқишни топширди.

ФСБ раҳбари Александр Бортников эса АҚШнинг эҳтимолий ядровий ҳаракатларига нисбатан Россия позициясини белгилаш учун қўшимча вақт сўради.

4 ноябр куни Пентагон Калифорниядаги Ванденберг базасидан Minuteman III ракета синовини амалга оширди. Расмий Вашингтон буни режали техник тадбир сифатида баҳолаб, унинг мақсади ракета тизимларининг ишончлилиги ва аниқлигини синовдан ўтказиш эканини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид

undefined | Vaqt.uz