
Америка Россияга миллиардлаб маблағни қайтармоқчи
АҚШ тинчлик битими ортидан Россия активларини қайтариш режасини муҳокама қилмоқда.

Доналд Трамп маъмурияти Россия-Украина уруши бўйича тинчлик битими имзоланиши билан Россиянинг музлатилган активларини қайтаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Politico икки юқори мартабали дипломатга таяниб, хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, АҚШ амалдорлари бу режани Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича вакили Девид О’Салливаннинг ёзги ташрифи чоғида баён этган. ЎСалливаннинг сентябрдаги ташрифидан сўнг Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен Украинага Россиянинг блокланган маблағлари гаровига «репарация кредити» ажратиш ташаббусини ўртага ташлади. АҚШнинг дастлабки режасига кўра, Москвага тегишли 100 миллиард долларлик активлар Украина тикланишига йўналтирилиши, Вашингтон эса бу маблағлардан олинадиган фойданинг ярмини олиши керак эди.
Европа Иттифоқи эса ўз ҳиссаси сифатида яна 100 миллиард доллар қўшиши кўзда тутилган. Қолган активларни алоҳида АҚШ–Россия инвестиция фондига жойлаштириш таклиф этилганди. Аммо кейинроқ Bloomberg муздан чиқариш банди режадан чиқариб ташланганини хабар қилди.
Politico ёзганича, бир нечта Европа манбалари АҚШнинг активларнинг бир қисмини ўзлаштириши ва қолганини Россия билан бўлишиш эҳтимолидан қаттиқ норози. Уларга кўра, бу маблағлар Украина тикланиши учун расман ажратилади, аммо амалиётда бошқа манфаатларга хизмат қилиши мумкин.
Financial Times эса Европа Марказий банки Россия активлари гаровига 140 миллиард евро ажратиш режасида иштирок этишдан бош тортганини маълум қилди. ЕИ амалдорлари бу маблағ Евроклир учун кредит сифатида таклиф этилганини айтган. Лекин регулятор буни давлат бюджети тақчиллигини бевосита қоплаш — яъни монетар молиялаштириш деб баҳолаган ва бу Европа Иттифоқи шартномаларига зидлигини таъкидлаган. Манбаларга кўра, Еврокомиссия Киевга 140 миллиард евролик кредит бўйича вақтинчалик ликвидликни таъминлайдиган янги механизмлар устида иш бошлаган.
Белгия эса бу кредит ташаббусига қарши чиқиб, Европа Иттифоқидан Россиянинг эҳтимолий даъволарини қоплаш учун юз миллионлаб евро эмас, балки 140 миллиард евродан ортиқ кафолатлар талаб қилмоқда. Бош вазир Барт де Вевер бу кафолатлар муддати ЕИнинг Россияга қарши санкциялари муддатидан ҳам узоқ бўлишини талаб этмоқда. Европа ҳукуматлари эса бу талабларни ортиқча, деб баҳоламоқда. Бундан ташқари, Брюссел Украинага бериладиган кредитдан Белгия солиқ тўплаши ва маблағларни Киевга тўлиқ ўтказмаслик эҳтимоли ҳам ташвиш уйғотмоқда.





