Келишув амалга ошса, Россия компаниясининг 11 мамлакатдаги нефт конлари, қайта ишлаш заводлари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари америкаликлар назоратига ўтиши мумкин. Бироқ бунинг учун АҚШ ҳукуматининг рухсати талаб этилади.
Америкалик миллиардер Тодд Боэли бошчилигидаги бир гуруҳ тадбиркор Россиянинг «Лукойл» компаниясига тегишли хориждаги мулкларни сотиб олиш бўйича келишув тузди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Келишувга кўра, 16 млрд долларга баҳоланган хорижий мулклар эвазига Ғарб мамлакатларида музлатиб қўйилган, қиймати 10 млрд доллар бўлган «Лукойл» қимматли қоғозлари берилади. Харидорлар гуруҳи таркибига АҚШ Халқаро молиявий ривожланиш корпорацияси (DFC) ҳам кирган.
Музокаралар бир йилдан ортиқ давом этган. Бироқ келишув ҳали кучга кирмаган. Бунинг учун АҚШ Молия вазирлигининг рухсати олиниши керак.
Келишув шартларига кўра, хусусий тадбиркорлар сарфлаган маблағлари ва келишилган даромадни қайтариб олганидан сўнг, АҚШ келгусидаги фойданинг бир қисмини олади. Шунингдек, Америка томони янги компаниянинг бошқарув кенгашида ҳам ўринга эга бўлади.
Музокара иштирокчиларининг айтишича, келишув Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштириш имкониятларини чеклашга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, стратегик аҳамиятга эга бозорларда Россия компанияларининг ўрнини Америка компаниялари эгаллаши кўзда тутилган.
«Лукойл»нинг хориждаги мулклари 11 мамлакатни қамраб олади. Улар орасида суткасига қарийб 350 минг баррель нефт қазиб чиқарадиган корхоналар, Озарбойжон ва Қозоғистондаги йирик нефт конлари, Нидерландия, Болгария ва Руминиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари бор.
Шунингдек, «Лукойл»нинг бир нечта мамлакатда, жумладан АҚШда ҳам фаолият юритувчи ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи мазкур мулклар қаторига киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг йирик банкларида кенг кўламли техник узилишлар юз бергани хабар қилинганди.