add

Амирсой, Чимён ва Билдирсойга олиб борувчи йўл бир томонлама қилинди

Бўстонлиқ тумани ҳокимининг буйруғига кўра, энди тоғ томонга бир йўналишдан чиқилади, бошқа йўл орқали қайтилади.

Амирсой, Чимён ва Билдирсойга олиб борувчи йўл бир томонлама қилинди

Бугун, 2 январ куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканларига олиб борувчи айрим автомобил йўлларида ҳаракат бир томонлама ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмий ахборот берди.

Қайд этилишича, ушбу чора тоғли ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган. Хусусан, Амирсой, Чимён ва Билдирсой каби машҳур дам олиш масканларига олиб борувчи автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча бир томонлама йўлга қўйилмоқда.

Маълум қилинишича, 4R6 Тошкент–Чирчиқ–Чимён автомобиль йўлининг 57-километридан бошлаб 92-километригача бўлган қисмида, яъни 4R10 автомобиль йўли билан туташ нуқтага қадар ҳаракат бир томонлама ташкил этилган. Бу ҳудудда транспорт оқимининг кўпайиши инобатга олинган ҳолда махсус ҳаракат режими амал қилади.

Бўстонлиқ тумани ҳокимлигининг тегишли фармойишига мувофиқ, ҳайдовчилар учун йўлда ҳаракатни осон англаш мақсадида қўшимча йўл белгилари ўрнатилган. Жумладан, тақиқловчи, буюрувчи ва ахборот берувчи белгилар, шунингдек “бир томонлама ҳаракатли йўл” ҳамда “бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири” белгиларини кўриш мумкин.

Ҳаракатланиб кириш тақиқланган қисмларда “кириш тақиқланади” йўл белгиси ўрнатилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси барча ҳайдовчилар ва ҳаракат иштирокчиларини йўл-патруль хизмати ходимларининг ишоралари, йўл белгилари ва чизиқлар талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид