
Anadolu Isuzu компанияси SamAuto улушининг 75,2 фоизини сотиб олмоқда
Anadolu Isuzu Ўзбекистондаги SamAuto компанияси улушининг 75,2 фоизини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Компания раҳбари Туғрул Арикан халқаро бозордаги протекционизм ва янги стратегиялар ҳақида муҳокамали фикрлар билдирди.

Япониянинг Isuzu ва Itochu ҳамкорлигидаги SamAuto компаниясидаги 75,2 фоиз улушни сотиб олиш бўйича Anadolu Isuzu 2025 йил 30 сентябр куни тақдим этган таклиф расман қабул қилинди. Мазкур битим Туркиянинг йирик тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси учун Марказий Осиёдаги энг катта сармоявий қадамлардан бири бўлди, деб ёзмоқда Туркиянинг Cumhuriyet нашри.
Самарқанддаги завод 1999 йилдан буён автобуслар, юк автомобиллари, пикап ва махсус техникалар ишлаб чиқаради. Ўтказилган келишувдан кейин Anadolu Isuzu айрим моделларни SamAuto маҳсулот туркумига қўшиш, шунингдек, ўзининг бир қатор янги моделларини ҳам Самарқандда йиғишни режалаштирмоқда.
Истанбулдаги матбуот анжуманида компания бош директори Туғрул Арикан бу сармояни «Туркия муҳандислиги ва саноати салоҳиятини жаҳон миқёсида намоён этадиган муҳим қадам» ўлароқ таърифлади. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш қувватини ошириш орқали компания кўплаб янги бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлади.
Арикан халқаро иқтисодий муҳитда протекционизм кучайиб бораётганини таъкидлади:
«Бугун дунёда муваффақият қозониш учун маҳсулот турларини кенгайтириш зарур. Аввал юртимизда юк автомобиллари ва пикаплар билан бошладик, кейин автобус ишлаб чиқариб ички бозорга чиқдик. Кейин экспортни кенгайтирдик — ҳозир 45 мамлакатга етказиб бораяпмиз. Лекин бу ҳам етарли эмас. Ҳамма ерда бож ставкалари муҳокама қилиняпти», деди у.
Унинг таъкидлашича, Anadolu гуруҳи аллақачон Марказий Осиё ва Шарқий Европада Cola ҳамда Efes йўналишлари орқали фаол экан. Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнлари ва маҳаллий ишлаб чиқариш инфратузилмаси эса компания учун катта имконият яратган.
«Биз бу ерда анча йилдан бери фаолмиз — 4 та фабрикамиз бор, бозорни яхши биламиз. Шунинг учун Ўзбекистонга кириш қарори биз учун табиий қадам бўлди», — деди Арикан.
Ҳозир SamAuto газ ва дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи турли юк автомобиллари, 8,5–9 метрли автобуслар ҳамда Isuzu бренди остидаги пикаплар ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Тожикистон ва Туркманистон бозорларига экспорт қилинади.
Ариканнинг сўзларига кўра, ҳудудда айниқса узунроқ ва газда ҳаракатланувчи автобусларга талаб катта. Компания бу йўналишда ҳам, енгил тижорат ва юк транспорт воситалари бўйича ҳам янги технологиялар киритиш ниятида.





