
Андижонда 30 минг доллар пора билан ушланган судя озодликдан маҳрум этилди
Хонобод суди раиси май ойида 30 минг доллар пора билан қўлга тушган эди. Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан унга ҳукм ўқилгани малум бўлди.

Олий суд Пленумининг мажлисида жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси Ю.Э.га нисбатан жиноий иш қўзғатиш ва уни қамоққа олиш масаласи кўриб чиқилган эди. Олий суд ахборот хизматининг 12 майдаги хабарига кўра, ўшанда Бош прокурор томонидан киритилган тақдимнома асосида суд Пленуми судя Ю.Э.га нисбатан жиоят иши қўзғатиш ва уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик берган. Тақдимномада Ю.Э. пора олиш ва жиноий таъсир кўрсатишга уринганликда айбланаётгани баён этилган.
Маълумотларга кўра, Ю.Э. аввалги суд қарорини енгиллаштириб беришни ваъда қилган ҳолда, судланган шахснинг онасидан 30 000 АҚШ доллари миқдордаги пулни олган. У мазкур пулни олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирда қўлга олинган.
Қамоққа олинган судяга 17 октябр куни ҳукм ўқилгани маълум бўлди. Олий суд ахборот хизмати бу ҳақда ҳукмдан қарийб 25 кун ўтгач хабар бермоқда.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг хабар беришича, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2025 йил 17 октябр куни эълон қилинган ҳукмда, 1974 йилда Андижонда туғилган судя Ю.Э. айбдор деб топилган ва унга 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Суд ҳукмига кўра, Ю.Э. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25-, 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 25-, 211-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган. Бу моддалар қасддан пора олиш ва жиноий фаолиятга кўмаклашиш ҳолатларини қамраб олади.
Шунингдек, у 2,5 йил муддатга мансаб лавозимларида фаолият юритиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Биринчи инстанция қарори устидан қонунда белгиланган тартибда Олий суднинг судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи сақланади.




