
Ангренда 14 ёшли қизни зўрлаган тўрт киши устидан суд бошланди
Суд жараёни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ тартибда ташкил этилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида 14 ёшли қизга нисбатан зўравонлик содир этганликда гумонланаётган 4 нафар фуқарога нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Уларга нисбатан ЖКнинг 118-моддаси (номусга тегиш) ва 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айблов эълон қилинган.
Жиноят иши ЖПКнинг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Кеча Болалар омбудсмани унинг соғлиги ва руҳий ҳолатини ўрганиш мақсадида шифохонага ташриф буюриб, қизнинг аҳволи билан танишганди.
Психолог хулосасига кўра, Й.С. посттравматик тикланиш босқичида бўлиб, унинг ҳолатини барқарорлаштириш ва травматизациянинг олдини олиш учун даволанишдан кейин нейтрал ва хавфсиз оилавий муҳитга жойлаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.





