
Аннексия қилинган Қримда Telegram ва WhatsApp’нинг ишлаши чекланди
Роскомнадзор чекловларни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиши мумкин. Telegram ва WhatsApp’нинг Россиядаги фаоллиги икки бараварга камайган.

Роскомнадзор Россия томонидан босиб олинган Қримда Telegram ва WhatsApp мессенжерларини тўсишни бошлади. Бу ҳақда минтақавий операторлардан бири «РИА Новости» агентлигига хабар берди.
Чекловлар Россиянинг барча операторлари ва провайдерлари мижозларига татбиқ этилиши аниқланган.
«Қрим Ахборот вазирлиги аҳолига асосий оммавий ахборот воситалари каналлари ва давлат саҳифалари аллақачон мавжуд бўлган Мах мессенжерини юклаб олишни тавсия этмоқда», - дея қўшимча қилди компания.
22 октябр куни Роскомнадзор фуқароларнинг кўп сонли мурожаатлари асосида жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида Россияда WhatsApp ва Telegram фаолиятини чеклашни бошлаганини расман эълон қилди.
Дастлаб мамлакат жанубида: Пятигорск, Махачкала, Астрахан, Сочи, Ростов-Дон ва бошқа шаҳарлар аҳолиси учун кириш муаммолари пайдо бўлди. Кейинчалик худди шундай шикоятлар Урал, Узоқ Шарқ ва Сибир фойдаланувчиларидан ҳам келиб тушди. «На связи» лойиҳаси ҳисобларига кўра, мессенжерларнинг тўсиб қўйилиши Россиянинг камида 34 та минтақасига таъсир кўрсатган.
13 август куни Роскомнадзор бутун мамлакат бўйлаб Telegram ва WhatsApp’даги овозли қўнғироқларни блоклади. Идора бу мессенжерлар фирибгарлар томонидан россияликларни алдаш ва қўпорувчилик ҳамда террорчилик фаолиятига жалб этиш учун асосий платформалар сифатида фойдаланилаётганини билдирди.
Вазирлик, хизматлар раҳбарияти Россия ҳокимиятининг ҳамкорлик бўйича кўп маротаба қилган мурожаатларини эътиборсиз қолдирганини қўшимча қилди.
Telegram ва WhatsApp Россиядаги энг оммабоп мессенжерлар ҳисобланади. Уларнинг аудиторияси мос равишда 100 ва 90 миллион фойдаланувчини ташкил этади. «Дождь» нашрининг телекоммуникация соҳасидаги манбаси хабар беришича, Россия ҳокимияти Санкт-Петербурглик Павлов Дуров томонидан яратилган Телеграмни Янги йилгача бутунлай блоклаши мумкин.
«Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Михаил Климарев таъкидлашича, Telegram ва WhatsApp билан «Youtube билан бўлган воқеалар айнан такрорланмоқда». У, шунингдек, Telegram декабр-январ ойларида блокланишини башорат қилган. Климаревнинг баҳолашича, иккала мессенжернинг Россия бўйлаб мавжудлиги тахминан икки баравар пасайган.





