Аномал иссиқда ходим ишлашни рад этишга ҳақлими?
Давлат меҳнат инспекцияси қандай ҳолатлар ходимнинг бу пайтда ўз ишини тўхтатиш учун автоматик асос ҳисобланишини эслатди.
© RBKЎзбекистонда шу кунларда аномал иссиқ кузатилмоқда. Агар аномал иссиқ пайтида меҳнат шароити ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғи учун реал хавф туғдирса, у ишлашни рад этишга ҳақли. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси эслатиб ўтди.
Меҳнат кодексининг 358-моддасига кўра, ходим иш берувчини зудлик билан хабардор қилиши, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар ишни бажаришни рад этишга ҳақли. Бундай даврда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Таъкидланишича, аномал иссиқнинг ўзи ишни тўхтатиш учун автоматик асос ҳисобланмайди. Бундай ҳуқуқ фақат меҳнат шароити ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғи учун реал хавф туғдирган тақдирда қўлланилади.
Бундай хавф, жумладан, қуйидаги ҳолатларда юзага келиши мумкин:
иш жойидаги микроиқлим ва юқори ҳарорат соғлиқ учун хавф туғдирганда;
ходим узоқ вақт давомида тўғридан тўғри қуёш нури остида ишлаётган бўлса;
иш берувчи ичимлик суви, дам олиш учун соя ёки салқин жой, қўшимча танаффуслар ҳамда иш вақтини мослаштириш каби зарур чораларни кўрмаган бўлса;
иссиқлик уриши, сувсизланиш ёки юқори ҳарорат таъсирида соғлиқ учун бошқа жиддий хавф юзага келган ёки келиши эҳтимоли мавжуд бўлса.
«Иш берувчи ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиши ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиши шарт», — дейилган инспекция эслатмасида.
Шунингдек, ўзбекистонликлардан меҳнат ҳуқуқлари бузилган тақдирда, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамига мурожаат қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига жазирамадан сақланиш бўйича муҳим тавсиялар берганди.





