«Apex Bank» 100 млрд сўмлик облигация чиқаради
«Apex Bank» илк бор корпоратив облигациялар бозорига чиқмоқда. Банк эмиссия доирасида инвесторларга йиллик 19 фоиз даромад таклиф этмоқда.
© yandex maps13-октябр куни «Apex Bank» кузатув кенгаши 100 млрд сўмлик корпоратив облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Эмиссия муваффақиятли амалга оширилса, бу банк тарихидаги илк облигациялар бўлади.
Банк янги молиявий инструмент орқали инвесторларга йиллик 19 фоиз даромад таклиф этмоқда. Облигацияларнинг номинал қиймати 10 млн сўм этиб белгиланган.
Жами 10 минг дона облигация чиқарилиши режалаштирилган. Уларнинг муомала муддати икки йилни ташкил этади, фоиз тўловлари эса ҳар чоракда амалга оширилади.
Мазкур шартларга кўра, битта облигация учун йиллик фоиз даромади 1,9 млн сўмни ташкил этади. Тўловлар тенг тақсимланса, ҳар чоракда 475 минг сўмдан даромад олиш мумкин.
Маблағлар қаерга йўналтирилади?
Банк кузатув кенгаши қарорига кўра, облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағлар, биринчи навбатда, юридик шахсларнинг кредит лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Бунда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг кредит лойиҳалари ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, жалб қилинган маблағлар жисмоний шахсларга кредит ажратиш ҳамда банклараро ғазначилик операцияларини амалга ошириш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
Облигациялардан тушадиган маблағларнинг бир нечта йўналишда фойдаланилиши банкнинг кредитлаш ва молиявий операцияларини молиялаштиришга хизмат қилади. Бироқ эмиссиянинг муваффақиятли якунланиши ва облигацияларнинг амалдаги жойлаштириш натижалари ҳали алоҳида баҳоланиши керак.
Омонатлар билан таққослаганда
«Apex Bank» айни пайтда омонатлар бўйича ҳам юқори фоиз ставкаларини таклиф қилаётган банклардан бири ҳисобланади. Хусусан, банкнинг Приме омонати бўйича йиллик ставка 20 фоизни ташкил этади.
Шундай қилиб, таклиф этилаётган облигацияларнинг йиллик 19 фоизлик даромадлилиги ушбу омонат ставкасидан бир фоиз бандига паст. Бироқ омонат ва облигацияларнинг шартлари, маблағни қайтариш тартиби ҳамда рисклари фарқ қилиши мумкин.
Инвесторлар қарор қабул қилишдан олдин облигацияларнинг чиқарилиш ҳужжатлари, муомала шартлари ва тўлов кафолатларини ўрганиши муҳим. Эмиссия бўйича якуний натижалар эса инвесторларнинг талабига боғлиқ бўлади.





