Logo

Қашқадарёда янги газ кони топилди

Ғузор туманидаги «Бурисой» конида қудуқ синовлари давомида саноат миқёсида газ ва конденсат оқими олинди. Қудуқдан кунига 400 минг куб метргача газ олинмоқда.

Қашқадарёда янги газ кони топилди © Uzbekneftgaz

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида «Бурисой» номли янги газ-конденсат кони аниқланди. Бу ҳақда Шўртан ҳудудида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижалари тўғрисидаги маълумотда хабар берилган.

Қудуқни синовдан ўтказиш жараёнида саноат миқёсида табиий газ ва конденсат оқими олинган. Маълумотга кўра, қудуқдан бир суткада 300 мингдан 400 минг куб метргача газ чиқмоқда.

Қудуқни бурғилаш ишлари 5-августда бошланган. Ушбу ишларни «Ўзнефт бурғулаш ишлари» МЧЖ амалга оширган. Мутахассислар қисқа вақт ичида 3 159 метр чуқурликка етиб борган.

«Ўзбекгеофизика» АЖ ўтказган синовларда 2 842 метрдан 3 001 метргача бўлган чуқурликдаги қатламлардан газ ва конденсат оқими олинган.

Ҳозирда мутахассислар маҳсулдор қатламларнинг хусусиятларини ўрганиб, коннинг имкониятларини баҳоламоқда.

Синовлар якунланганидан кейин, 15 октябрдан газни қайта ишлашга йўналтириш режалаштирилган. Кейинчалик уни истеъмолчиларга етказиб бериш кўзда тутилган.

Йил охиригача «Бурисой» конида иккинчи қидирув қудуғини бурғилаш ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-йилнинг январ–сентабр ойларида «Ўзбекнефтгаз» компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар қарийб 17 млрд куб метр газ қазиб олгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid