Logo

Педофилларга умрбод қамоқ жазоси, иссиқхоналарга солиқ имтиёзлари ва ХВЖнинг Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнози — 14 октябрь дайжести

Bugun 22:363 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Педофилларга умрбод қамоқ жазоси, иссиқхоналарга солиқ имтиёзлари ва ХВЖнинг Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнози — 14 октябрь дайжести

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини яхшилади

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши бўйича прогнозини яхшилади. Жамғармага кўра, мамлакат ЯИМи 2026 йилда 7,8 фоизга, 2027 йилда эса 6,5 фоизга ўсади. Аввал бу кўрсаткичлар мос равишда 6,8 ва 6 фоиз деб баҳоланган эди. 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, ХВЖ инфляция прогнозини ҳам оширди: 2026 йилда 6,9 фоиз, 2027 йилда 5,7 фоиз бўлиши кутилмоқда. Жамғарма ишсизлик даражаси 2026 йилда 4,3 фоизга, 2027 йилда эса 3,8 фоизга тушишини тахмин қилмоқда. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги бўйича прогноз ҳам ёмонлашди: у 2026 йилда ЯИМнинг 5,1 фоизини, 2027 йилда эса 4,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

Сентябрда эскроу орқали 34 мингдан ортиқ битим тузилди

2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича 34 659 та битим расмийлаштирилди. Бу август ойидаги 33 392 та битимга нисбатан 3,8 фоизга кўп. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди. Сентябрда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 16 711 та, транспорт воситалари бўйича эса 17 948 та битим қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп битим Тошкент шаҳрида расмийлаштирилди — 10 711 та ёки жами битимларнинг 30,9 фоизи. Фарғона вилоятида 3 363 та, Самарқанд вилоятида 3 131 та, Наманган вилоятида эса 2 404 та битим қайд этилди.

Томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда томорқа иссиқхоналари учун 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатининг ярмини қоплаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда экологик тоза энергия манбалари ва самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант, янги иссиқхона қуришга 300 миллион сўмгача, мавжудини қайта жиҳозлашга эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш масаласи кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун экологик талабларни кучайтириш, қаттиқ ёқилғида ишлаётган хўжаликларни 2026 йил 1 декабрга қадар экологик тоза энергия манбаларига ўтказиш таклиф қилинди. 2026 йил 15 октябрдан 2027 йил 15 мартгача экологик мониторинг ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, иссиқхоналарни модернизация қилиш учун гектарига 50 миллион сўмгача субсидия ва 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида 400 гектар майдонда иссиқхоналар ва агрологистика объектларини қуриш таклиф этилди.

Тожикистон Ўзбекистон билан қўшма инвестиция компаниясининг фаолият шартларини ўзгартирмоқчи

Тожикистон парламенти қуйи палатаси 1 октябрь куни Ўзбекистон билан қўшма инвестиция компанияси фаолияти шартларини ўзгартиришни маъқуллади. Ўзгартишлар хорижий валютадан фойдаланиш тартиби, технологик ускуналар импортида солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини қамраб олади. Компания орқали лизинг асосида ускуналар харид қилиш ва ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

Компания 2026 йил 1 октябрга қадар умумий қиймати 20,9 млн доллар бўлган еттита инвестиция лойиҳасини тасдиқлаган, уларни амалга ошириш учун 8,9 млн доллар йўналтирилган. Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, 720 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. 2021 йилда ташкил этилган компаниянинг капитали 2026 йил июль ойида 50 млн доллардан ошгани маълум қилинган.

Президент педофилларга умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи қонунни имзолади

Президент болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатига чеклов қўйилмайди.

Қонун билан болаларга нисбатан зўравонлик ва уларнинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Шунингдек, жинсий зўравонликка оид ишлар бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларга давлат ҳисобидан адвокат ёрдами кўрсатиш, уларни сўроқ қилишда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари иштирокини таъминлаш каби қўшимча кафолатлар белгиланди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 30 сентябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2 октябрда маъқулланган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
Kecha 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.