add

Apple Google'нинг Gemini сунъий интеллекти учун йилига 1 миллиард доллар тўламоқчи

Бугун 18:551182

Apple компанияси Google'нинг 1,2 триллион параметрли Gemini сунъий интеллект моделини Siri ёрдамчисини янгилашда қўллаш бўйича келишувни якунламоқда. Шартнома қиймати йилига тахминан 1 миллиард долларни ташкил этади.

Apple Google'нинг Gemini сунъий интеллекти учун йилига 1 миллиард доллар тўламоқчи

Bloomberg маълумотларига кўра, Apple Inc. ва Alphabet Inc. (Google'нинг бош компанияси) сунъий интеллект соҳасида йирик ҳамкорлик келишувига яқинлашмоқда. Тасдиқланса, бу келишув доирасида Apple ҳар йили тахминан 1 миллиард доллар тўлаб, Google'нинг 1,2 триллион параметрли Gemini моделидан фойдаланади.

Янги сунъий интеллект Siri'нинг янгиланган версиясида асосий вазифалар — маълумотларни қисқача баён этиш ва режалаштириш функцияларини бажаради. Apple'нинг айтишича, бу фақат вақтинчалик ечим бўлиб, компания 2026 йилга қадар ўзининг 1 триллион параметрли клауд асосидаги моделини ишлаб чиқмоқда.

«Glenwood» номи билан маълум ички дастур доирасида Siri'ни қайта яратиш устида Apple'нинг бош муҳандиси Крейг Федериги ва Vision Pro қурилмаси яратувчиси Майк Рокуэлл иш олиб бормоқда. Янги овозли ёрдамчи «Linwood» код номи билан iOS 26.4 тизимида жорий этилиши режалаштирилган.

Apple Siri'нинг маълум қисмларида ўзининг ички моделларини сақлаб қолади, аммо асосий «summarizer» ва «planner» модуллари Google'нинг Gemini тизими орқали ишлайди. Барча жараёнлар Apple'нинг хусусий булут инфратузилмаси — Private Cloud Compute орқали амалга оширилади, бу эса фойдаланувчилар маълумотларини Google серверларидан тўлиқ ажратиб туради.

Apple ва Google бу келишувни оммавий равишда реклама қилмасликка қарор қилган. Google фақат техник таъминловчи сифатида фаолият кўрсатади — Safari браузеридаги қидирув келишувидан фарқли равишда.

Сармоя бозоридаги реакция ижобий бўлди: Apple акциялари 0,9 фоизга, Alphabet эса 3,2 фоизга қимматлашди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳамкорлик Apple'нинг сунъий интеллект соҳасидаги ортда қолишини бартараф этишга ёрдам бериши мумкин.

Шу билан бирга, Apple ўзининг ички моделини ривожлантиришни давом эттиради ва келгусида Gemini'ни тўлиқ алмаштиришни мақсад қилган. Аммо экспертлар бу осон бўлмаслигини, чунки Google'нинг 2.5 Pro версияси ҳозирда кўплаб LLM рейтингларида етакчи эканини таъкидламоқда.

Apple Хитой бозори учун эса Gemini'дан фойдаланмайди — мамлакатда Google хизматлари тақиқланган. Бу бозорда компания Alibaba ва Baidu билан маҳаллий СИ фильтр тизимларини ишлаб чиқиш бўйича музокара олиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Apple Google'нинг Gemini сунъий интеллекти учун йилига 1 миллиард доллар тўламоқчи | Vaqt.uz