Logo

«Apple» янги «Siri AI» тизимига эга «iOS 27» операцион тизимини чиқарди

«iOS 27» янгиланиши «iPhone 11», иккинчи авлод iPhone SE ва ундан кейинги моделлар учун ишлайди. Шунингдек, бошқа қурилмалар учун ҳам янги тизимлар тақдим этилди.

«Apple» янги «Siri AI» тизимига эга «iOS 27» операцион тизимини чиқарди

«Apple» компанияси ўзининг янги iOS 27 операцион тизимини омма эътиборига ҳавола қилди. Ушбу янгиланишнинг энг асосий янгилиги «Apple Intelligence» базасида ишловчи модернизация қилинган «Siri AI» овозли ёрдамчиси бўлди.

Экранни танийдиган ва амаллар бажарувчи ёрдамчи

Янгиланган «Siri AI» фойдаланувчи экранидаги маълумотларни таний олади, улар ҳақидаги саволларга жавоб қайтаради ва очиқ иловалар билан боғлиқ тегишли амалларни бажаради. Хусусан, унинг ёрдамида харидлар учун тўловларни амалга ошириш мумкинлиги айтилмоқда.
Бундан ташқари, овозли ёрдамчи матнлар билан ишлашда кўмаклашади ҳамда ўзаро боғланган қурилмалар ўртасида узлуксиз алмашишни таъминлайди.

Ҳозирги вақтда «Siri AI» инглиз тилидаги қурилмаларда бета-версияда мавжуд. Октябр ойидан бошлаб эса француз, япон, корейс, португал ва испан тилларини қўллаб-қувватлаш тизимга қўшилиши маълум қилинган.

Мослашувчанлик ва янги дизайн элементлари

Қайд этилишича, iOS 27 янгиланиши iPhone 11, иккинчи авлод iPhone SE ва ундан кейинги моделлар учун ишлайди. Шунингдек, бошқа қурилмалар учун ҳам янги тизимлар тақдим этилди:

watchOS 27: Apple Watch SE 3, Series 9 ва ундан кейинги моделлар, шунингдек, Ultra 2 учун;
iPadOS 27: Тўртинчи авлод iPad Pro ва iPad Air, олтинчи авлод iPad mini ҳамда тўққизинчи авлоддан бошланган базавий iPad'лар учун.

Тизимдаги яна бир эътиборга молик ўзгариш — «Liquid Glass» интерфейси созламалари бўлиб, у фойдаланувчиларга кўпроқ шаффоф ёки хира (матовый) версияни танлаш имконини беради. Шу билан бирга, қўнғироқлар, уйғотгич, таймер, билдиришномалар ва тизим товушлари учун алоҳида-алоҳида овоз баландлигини созлаш функцияси ҳам қўшилди.

Бошқа қурилмалардаги янгиликлар ва релиз тарихи

«Vision Pro» учун чиқарилган «visionOS 27» тизимида билдиришномаларни нигоҳ билан кўриш ҳамда панорамали суратларни ҳажмли саҳналарга айлантириш имконияти пайдо бўлди.

watchOS 27 да эса Workout Buddy функцияси ва янги тегиниш имо-ишораси қўшилган. iPad учун ташқи хотираларга файл ўтказиш ва браузер ишлаши тезлаштирилди, шунингдек, Wi-Fi ва мобил тармоқ ўртасида алмашиш жараёни яхшиланган.

Маълумот учун, «Apple» ўзининг янги сунъий интеллект имкониятларини тайёр бўлмасдан туриб реклама қилишни бошлаган ва релиз санасини бир неча бор қолдирган эди. Овозли ёрдамчини янгилаш режалари ҳақида 2024 йилдаёқ маълум бўлган. Дастлаб янги функцияларни 2026 йил баҳорида iOS 26.4 доирасида чиқариш режалаштирилган бўлса-да, кейинчалик релиз iOS 27 чиққунга қадар кечиктирилган.

Теглар

Мавзуга оид