add

Appleʼга асос солиш ҳақидаги ноёб ҳужжат аукционга қўйилади

1976 йилда Жобс, Возняк ва Уэйн имзолаган Apple’нинг асосий таъсис шартномаси 2026 йилда кимошди савдосига қўйилади.

Appleʼга асос солиш ҳақидаги ноёб ҳужжат аукционга қўйилади

Apple Computer компаниясининг ташкил топишига доир энг муҳим ҳужжатлардан бири — 1976 йилда тузилган уч саҳифалик ҳамкорлик шартномаси кимошди савдосига чиқарилиши маълум бўлди. 9to5Mac’нинг ёзишича, ушбу ҳужжат 2 миллион доллардан 4 миллион долларгача сотилиши кутилмоқда. Агар тахминлар ўзини оқласа, у Apple тарихида кимошди савдосида сотилган энг қиммат артефактга айланади.

Хабарларга кўра, «Christie’s» аукцион уйи ҳужжатни ҳали веб-сайтига жойлаштирмаган, бироқ савдо 2026 йилнинг 23 январига белгиланган. Тақдим этилаётган ҳужжатларда Apple’нинг асосчилари — Стив Жобс, Стив Возняк ва Рон Уэйннинг дастлабки улушлари аниқ кўрсатилган: Жобс ва Вознякка 45 фоиздан, Уэйнга эса 10 фоиз улуш тегишли бўлган.

Маълумотларга қараганда, Рон Уэйн шартнома имзолангандан бир неча кун ўтиб, ўз улушини 800 доллар эвазига сотган. Унинг бундай қарор қабул қилиш сабаби сифатида компания банкрот бўлган тақдирда шахсий активлари хавф остида қолиши мумкинлиги келтирилган. Ушбу хавотир уни лойиҳадан чиқиб кетишга мажбур қилган.

Аукционда битта лот таркибида таъсис шартномаси ва Уэйннинг Apple компаниясидан чиқиш тўғрисидаги ҳужжати тақдим этилади. Нодир ҳужжат сифатида баҳоланаётган бу материаллар технология тарихининг муҳим қисми ҳисобланади.

Тахминларга кўра, Рон Уэйн ўз улушини сотиб юборган 800 доллар ҳозирги кунда тахминан 400 миллиард долларлик қийматга тенг бўлиши мумкин. Бу эса мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва Apple компаниясининг кейинги ривожланиш масштабини янада равшан кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид