
АҚШ 1 млн долларга «Олтин карта» дастурини очди
Америкага 1 млн доллар инвестиция қилган хорижликларга тезлаштирилган Green Card берувчи «Олтин карта» танқидларга ҳам сабаб бўлмоқда.

АҚШ ҳукумати мамлакат иқтисодиётига қўшимча сармоя жалб қилиш мақсадида «Трампнинг олтин картаси» деб номланган янги иммиграция дастурини расман йўлга қўймоқда. Унга кўра, АҚШга 1 миллион доллар миқдорида инвестиция киритган хорижий фуқаролар тезлаштирилган тартибда Green Card олиш имкониятига эга бўлади.
Дастур шундай тарзда ишлаб чиқилганки, у узоқ муддатли яшаш ҳуқуқини ва кейинчалик фуқароликка мурожаат қилиш йўлини анча осонлаштиради.
Қарор матнида кўрсатилишича, дастурга ариза топшириш тўлови 15 минг доллар этиб белгилаган. Бу тўлов ариза рад этилган тақдирда ҳам қайтарилмайди ва бу ҳолат айрим экспертлар томонидан «адолатсиз ва хавфли прецедент» сифатида баҳоланмоқда. Инвестиция ва ариза тўловидан тушган маблағлар АҚШ Ғазначилигига йўналтирилиб, стратегик тармоқларни қўллаб-қувватлашда қўлланилиши кутилмоқда.
Дастурнинг яна бир муҳими — унинг бекор қилиниши шартлари. Агар аризачига оид хавфсизлик муаммоси ёки жиддий ҳуқуқбузарлик аниқланса, «Олтин карта» АҚШ ҳукумати томонидан бир томонлама бекор қилиниши мумкин. Бу эса келгусида ҳуқуқий тортишувлар авж олиш эҳтимолини оширади.
Қизиқ жиҳати шундаки, дастур илк бор эълон қилинганида инвестиция миқдори 5 млн доллар бўлиши айтилган эди. Аммо аризалар сони камлиги ва жамоатчилик танқиди туфайли бу сумма 1 млн долларга туширилди. Экспертлар бунни «илк моделнинг амал қилмаганини тан олиш» сифатида талқин қилмоқда.
Танқидчиларга кўра, «Олтин карта» амалда АҚШ иммиграция тизимини пулга боғлаб қўяди ва молиявий имкониятга эга бўлганларни бошқалардан устун қўяди. Бироқ ҳукумат бу дастурни иқтисодий ўсишни тезлаштирувчи механизм сифатида кўрмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил 19 сентябрда тегишли фармонни имзолаб, дастурни ишга туширишни Бошқарув таркибига топширган эди.





