
АҚШ 2026 йилдан доллар банкнотларини янги дизайнда чиқара бошлайди
АҚШ 2026 йилдан бошлаб доллар банкнотларини тўлиқ янгилайдиган йирик дастурни бошлаяпти. Янги банкнотлар хавфсизликни ошириш ва долларнинг глобал мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.

АҚШ ўз миллий валютаси учун кейинги ўн йилликда амалга ошириладиган энг йирик модернизация дастурини бошлади. Гравировка ва чоп этиш ишлари бюроси (BEP) нинг маълум қилишича, янгиланган банкнотлар хавфсизликни кучайтириш, долларнинг дунёдаги етакчи захира валюта сифатидаги мақомини сақлаш ва замонавий қалбакилаштириш технологияларига қарши туриш мақсадида жорий этилмоқда.
Дастлабки тартибга кўра, биринчи бўлиб 10 долларлик банкнота ишлаб чиқилади ва 2026 йилда муомалага киритилади. Кейинги босқичларда 50 доллар (2028), 20 доллар (2030), 5 доллар (2032) ва ниҳоят 100 долларлик банкнота (2034) янгиланади. Ушбу кетма-кетлик ACD қўмитаси томонидан белгилаб берилган бўлиб, у аввало қалбакилаштириш хавфи энг юқори бўлган купюраларни модернизация қилишни кўзда тутади.
Ислоҳот дизайндеги ўзгаришдан кўра хавфсизликни устувор қилади. АҚШ ҳукумати банкноталарнинг ташқи кўринишини ҳозирча ошкор қилмаяпти: расмий тақдимот ҳар бир купюра чиқишидан 6–8 ой олдин бўлади. Бу чора қалбаки пул тайёрловчиларга вақт бермаслик ва бозордаги ноаниқликларни олдини олишни мақсад қилади.
Янгиланган банкноталарда ҳозирги кунда фойдаланилмаётган, лабораторияларда ўн йилдан зиёд вақт давомида синовдан ўтказилган ноёб ҳимоя функциялари бўлади. Улар орасида кўз билан кўринадиган ва яширин элементлар, махсус материаллар, юқори даражадаги микробосма технологиялари ва янги оптик эффектлар ҳам бор.
Муомалага киритишга тайёргарликнинг энг муҳим босқичи — глобал инфратузилмани янгилаш. Дунёда доллар билан ишлайдиган 10 миллиондан ортиқ банкомат, терминал ва ҳисоблаш ускуналари мавжуд. Шу боис BEP банклар ва техник хизмат кўрсатувчиларга намунавий банкноталарни олдиндан тақдим этади. Бу янги долларни биринчи кунёқ бутун тижорат тизимида аниқ ва хатосиз танилишига хизмат қилади.
Янгиланиш атрофида яна бир интрига мавжуд: 20 долларлик банкнотада Гарриет Табмен тасвири пайдо бўлиши мумкинлиги юзасидан муҳокамалар давом этмоқда, аммо ҳукумат бу масалада ҳам ҳозирча маълумот бермаяпти.





