
АҚШ билан савдо можароларига қарамасдан юан беш йиллик рекордни янгилади
Хитой юани 2025 йилда долларга нисбатан қарийб 4 фоизга мустаҳкамланиб, беш йиллик рекордни янгилади. Савдо тортишувларига қарамай, валюта жаҳон бозорида барқарор ўсиш кўрсатмоқда.

Хитой юани жорий йилда глобал валюта бозорларида энг кучли динамикалардан бирини намоён этди. Bloomberg маълумотларига кўра, офшор юан 2025 йил давомида долларга нисбатан қарийб 4 фоизга ошди.
Бундай барқарор ўсишга расмий Пекиннинг қатор қўллаб-қувватловчи механизмлари, жумладан кундалик фиксинг орқали ташқи савдога таъсир қилиш, Хитой фонд бозорларидаги пойга ва АҚШ долларининг ташқи босимлар остида заифлашиши туртки бермоқда. Таҳлилчилар 2026 йилда ҳам юан учун ижобий прогнозни сақлаб қолмоқда.
Bloomberg агентлигининг таъкидлашича, бу ўсиш 2018 йилдаги биринчи АҚШ–Хитой савдо урушидан кескин фарқ қилади. Ўшанда Пекин иқтисодий қийинчиликлар фонида юанни мақсадли равишда заифлаштиришга мажбур бўлган ва валюта 2018 йил март ойидан 2019 йил сентябригача 13 фоиздан ортиқ қиймат йўқотган эди. 2025 йилда эса иқтисодий моделнинг янгиланиши, экспорт йўналишларини глобал Жануб томон кенгайтириш ва стратегик хомашё занжирларидаги устунлик юанни барқарор қўллаб келмоқда.
Бироқ барқарор ўсишга қарамай, юан йил давомида бир қатор қийинчиликларга ҳам дуч келди. АҚШ президенти Доналд Трамп апрел ойида қабул қилган тариф қарорлари валютани қисқа муддатли пасайишга олиб келди. Иккинчи чоракда иқтисодиётдаги суст суръатлар валюта курсини бир неча ой «турғун ҳолат»да сақлади. Фақат августдан бошлаб ғолибона хатарли кайфиятлар фонида юан яна мустаҳкамлана бошлади.
Bloomberg ёзишича, АҚШ долларининг умумий заифлашуви ҳам жараённи тезлаштирди. Dollar Spot индекси 2025 йилда тахминан 7 фоизга тушиб кетди — бу Вашингтоннинг бюджет тақчиллиги ва сиёсий ноаниқликлар билан боғлиқ. Ҳолатдан фойдаланган Хитой ФЗТ ставкаси пасайишига таянмоқда ҳамда валюта сиёсатида ҳужумкор эмас, эҳтиёткор стратегияни танламоқда.
Таҳлилчиларнинг аксарияти юандаги ўсиш давом этишини кутаётганини таъкидламоқда. MUFG ва Goldman Sachs каби йирик молия институтлари доллар/юан курсини 2026 йилда 6,85–6,95 диапазонига тушишини башорат қилмоқда. Шу билан бирга, Хитой Марказий банки валюта орттиқча мустаҳкамланиб кетмаслиги учун фиксинг орқали бозорга юмшоқ тартибли коррекция киритмоқда.





