
АҚШ Давлат департаменти 2025 йилда 100 минг визани бекор қилди
Кўрсаткич 2024 йилда Жо Байден президентлик қилган маъмурият даврида бекор қилинган визалар сонидан икки баробар кўпдир.

АҚШ Давлат департаменти 2025 йил давомида 100 мингдан ортиқ хорижликларга берилган визаларни бекор қилди. Бу кўрсаткич АҚШда миграция сиёсати сезиларли даражада қатъийлашганини англатади ва охирги йиллардаги энг йирик қарорлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бекор қилинган визалар орасида тахминан 8 мингта талаба визаси ҳамда жиноий фаолиятда гумон қилиниб, АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроқ қилинган шахсларга берилган 2,5 мингга яқин махсус визалар бор. Давлат департаменти матбуот хизмати билдиришича, бу чоралар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Newsweek нашри маълум қилишича, мазкур рақам 2024 йилда Жо Байден маъмурияти даврида бекор қилинган визалар сонидан икки баробар кўпдир. Бу эса амалдаги маъмурият ёндашуви аввалги сиёсатдан кескин фарқ қилаётганини кўрсатади.
Визаларни бекор қилиш ва депортация чоралари Доналд Трампнинг миграция сиёсати доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу сиёсатга кўра, 12 давлат фуқароларининг АҚШга кириши чекланган, яна етти давлат, жумладан Афғонистон, Гаити, Эрон ва Яман учун қўшимча талаблар жорий этилган.
Шунингдек, Давлат департаменти 25 та давлат фуқаролари учун виза олишда 5 минг доллардан 15 минг долларгача пул гарови талабини киритди. Гаров маблағлари фақат АҚШ Молия вазирлигининг Pay.gov тизими орқали қабул қилинади ва виза берилишини кафолатламайди. Чора асосан туризм ва ишбилармонлик визалари бўйича қолиш муддатлари тез-тез бузилган давлатларга нисбатан қўлланилмоқда.
Гаров пули талаб қилингин давлатлар ичида Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор. Бунга жавобан Қирғизистонда АҚШ фуқаролари учун виза режимини жорий қилиш таклиф қилинди.





