Logo

АҚШ-Эрон можаросидаги пауза туфайли нефть нархи 2 фоиздан кўпроққа тушди

Бугун 14:413 дақиқа

«Goldman Sachs» таҳлилчиларининг огоҳлантиришича, агар Ҳормуз бўғози орқали нефть ташийдиган кемалар қатновида муаммолар давом этса, Brent нефти нархи йилнинг тўртинчи чорагига бориб 120 доллардан ошиши мумкин.

АҚШ-Эрон можаросидаги пауза туфайли нефть нархи 2 фоиздан кўпроққа тушди © AFP

Нефть нархи бир баррель учун 90 доллардан пастга тушди. Бунга сабаб — АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларда танаффус юз бергани. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Биржадаги савдоларга кўра, сентябрь ойида етказиб бериладиган Brent нефти фьючерслари вақтинча 6,85 фоизга тушиб, 90 доллардан пастга кетди. Энг паст нуқтада Brent нархи 83,38 доллар бўлди.

АҚШнинг WTI нефти фьючерслари эса 6,64 фоизга пасайди. «Bloomberg» хабарига кўра, бозор бу ўзгаришга АҚШ ва Эрон ўртасида деярли икки ҳафтадан бери давом этаётган ҳужумлардан кейинги биринчи танаффус сабабли жавоб берган. 13 кеча давомида АҚШ Эрон ҳудудидаги объектларга зарба берган эди. Аммо 24-июль кечасидан бошлаб Вашингтон ҳужумларни ҳеч қандай расмий изоҳ бермасдан тўхтатди.

«Axios» нашрининг вазиятдан хабардор икки манбага таяниб ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп 13 кун давомида Эронга ҳужумларни давом эттиришга рухсат берган бўлса-да, 24-июль куни навбатдаги ҳужум таклифини рад қилган. Ўша куни Трамп журналистларга Эрон билан урушни давом эттиришдан кўра, келишув тузиш оқилона стратегия бўлиши мумкинлигини билдирган. Эрон ҳам жавоб чораларини тўхтатганини Эрон армияси вакили генерал Муҳаммад Акраминия 26-июль куни маълум қилган.

Ушбу танаффус Эрон ва Уммон дипломатлари ўртасидаги музокаралар билан бир вақтга тўғри келди. Музокараларда асосий мавзу — Ҳормуз бўғозининг келажаги бўлган. Бу ҳудуд дунёдаги энг муҳим энергия ташиш йўлларидан бири ҳисобланади ва можаро бошланганидан бери асосий муаммолардан бири бўлиб келмоқда.

Эронлик амалдорлардан бири «CBS» телеканалига берган интервьюсида музокаралар конструктив, яъни фойдали ва ижобий руҳда ўтганини айтди. АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолтс вазият ҳақида гапирар экан, Дональд Трамп музокараларга имкон бераётганини айтди. Аммо у:

«Трамп кескинликни оширишдан бутунлай воз кечди, деб айтмаган бўлардим. Барча вариантлар ҳали ҳам кўриб чиқилмоқда», — деди.

Ташиш муаммолари кучайса, нефть қимматлаши мумкин

«Goldman Sachs» таҳлилчиларининг огоҳлантиришича, агар Ҳормуз бўғози орқали нефть ташийдиган кемалар қатновида муаммолар давом этса, Brent нефти нархи йилнинг тўртинчи чорагига бориб 120 доллардан ошиши мумкин. Июль ойида АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳужумлар қайта бошланганидан кейин Brent нархи 91 долларгача кўтарилган эди. Бу йил бошидаги нархларга нисбатан 47 фоиз юқори дегани.

Вазиятни яна Ямандаги ҳусийларнинг фаолияти мураккаблаштирмоқда. Улар Қизил денгиздаги нефть ташиш йўлларига таҳдид қилмоқда. Бу йўллар нефтни харидорларга етказиб беришда жуда муҳим ҳисобланади. «Goldman Sachs» нинг асосий прогнозига кўра, агар вазият тинчланса, Brent нархи йил охирида 80 доллар атрофида бўлиши, 2027-йилда эса 75 долларгача тушиши мумкин. Аммо таҳлилчилар ҳозирги пайтда хавфлар юқорилаганини тан олмоқда, чунки Яқин Шарқдаги можаро нефть етказиб беришга зарар етказиши мумкин. Таққослаш учун, апрель ойида Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан кейин Brent нефти нархи 126 доллардан ҳам юқорига чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда энг кўп нефть ишлатадиган давлатлар қайсилиги ҳақида ёзган эдик. Мутахассислар фикрича, жаҳон нефть бозорининг келажаги энг йирик истеъмолчи давлатлар иқтисодий ўсишни энергия соҳасидаги ислоҳотлар билан қай даражада уйғунлаштира олишига боғлиқ бўлади.

Теглар

Мавзуга оид