АҚШ–Эрон можаросининг 46-куни

Бугун 08:406 дақиқа

АҚШ Эрон портларини қамал қилишни бошлади, бироқ Трамп Теҳрон билан келишувга эришиш имконияти ҳали ҳам мавжудлигини маълум қилди.

АҚШ–Эрон можаросининг 46-куни

Президент Доналд Трамп АҚШ Эрон портларини қамал қилганига қарамай, Теҳрон билан келишувга эришиш учун ҳали ҳам имконият борлигини маълум қилди. Айни пайтда Исроил Ливан жанубидаги ҳужумларини янада кучайтирди.

Эрон Вашингтонни «қароқчилик»да айблади. Теҳронда Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташувларини нишонга олувчи ушбу қарорга қарши минглаб одамлар иштирокида намойишлар бўлиб ўтмоқда.

«Associated Press» агентлигининг хабар беришича, дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этмоқда: Покистон шу ҳафта Исломободда музокараларнинг иккинчи раундини ўтказишни таклиф қилган.

Эрондаги вазият

  • АҚШ қамали ва намойишлар: АҚШ томонидан жорий этилган чекловлар кучга кирди. Бу Теҳронда денгиз қатновига қўйилган тақиқларга қарши норозилик намойишларига ва Эрон томонидан Вашингтоннинг «қароқчилик»да айбланишига сабаб бўлди.

  • Теҳрон қамални «ноқонуний» деб атади: Эрон Қуролли кучлари ушбу ҳаракатни қонунга хилоф деб қоралаб, портларнинг нишонга олиниши Форс кўрфазидаги кема қатновини хавф остида қолдиришидан огоҳлантирди.

  • ИИМК (Инқилоб қўриқчилари) эскалациядан огоҳлантирди: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси вакилининг сўзларига кўра, Эрон ҳали «ишлатилмаган имкониятларга» эга ва агар можаро чуқурлашса, янги тактикаларни қўллаши мумкин.

  • Теҳрон Папани қўллаб-қувватлади: Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф Рим папаси Лео XIV нинг урушни қоралаб чиққанини олқишлаб, унинг позициясини «қўрқмас» деб атади.

  • Россия ядровий мутахассисларини олиб чиқиб кетмоқда: Эрон атом энергияси агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Москва кўмагида қурилган мамлакатдаги ягона атом электр станциясидан ўз ходимларининг катта қисмини олиб чиқиб кетган.

Уруш дипломатияси

  • Қатар воситачиликка чақирди: Қатар Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жассим Ол Соний Эрон ва АҚШни воситачилик ҳаракатларида конструктив иштирок этишга чақирди.

  • Покистон: «Ўт очишни тўхтатиш режими сақланиб қолмоқда»: Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг айтишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ режими амал қилмоқда. Ўтган дам олиш кунларидаги музокаралар муваффақиятсиз тугагач, янги келишувга эришиш борасидаги ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

  • Юк ташишдаги узилишлар ортиб бормоқда: БМТ вакили «ҳарбий ечим йўқ»лигини таъкидлаб, Ҳўрмуз бўғозидаги беқарорлик глобал иқтисодий заифликни янада кучайтираётганидан огоҳлантирди. Хабарларга кўра, 20 000 га яқин кема йўлда қолиб кетган, таъминот занжирлари, хусусан, ўғит етказиб бериш жиддий босим остида қолмоқда.

  • Ливанни келишувга киритиш ҳаракати: Буюк Британия Ливанни АҚШ–Эрон ўртасидаги кенг кўламли ўт очишни тўхтатиш келишувига киритишга чақирди. Ҳозирда ушбу келишув «Ҳизбуллоҳ» иштирокидаги тўқнашувларни ўз ичига олмайди.

  • Жанглар давом этаётган бир пайтда музокаралар режалаштирилмоқда: Исроил ва Ливан элчилари сешанба куни Вашингтонда урушни тўхтатишга қаратилган музокаралар ўтказади.

  • «Ҳизбуллоҳ» музокараларни рад этди: «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Қосим Ливанни Вашингтондаги учрашувни бекор қилишга чақириб, гуруҳнинг Исроил билан ҳар қандай тўғридан-тўғри алоқага қарши эканини яна бир бор таъкидлади.

  • Россия Эроннинг уранини қабул қилишга тайёр: Кремл АҚШ билан эҳтимолий келишув доирасида Эроннинг бойитилган уранини қабул қилиш бўйича таклифини яна бир бор тасдиқлади. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, ушбу таклиф президент Владимир Путин томонидан АҚШ ва минтақа давлатлари билан мулоқотлар чоғида илгари сурилган.

АҚШдаги вазият

·         Эрон «келишув истамоқда»: Покистондаги музокаралар натижасиз тугаганидан сўнг, Доналд Трамп Эрон вакиллари тинчлик шартномаси бўйича мулоқотга чиққанини маълум қилди. «Улар келишувга эришишни жуда-жуда хоҳлашмоқда», — деди у журналистларга алоқага ким чиққанини очиқламасдан.

·         Трамп Рим папаси ҳақидаги сўзлари учун узр сўрамади: Трамп Рим папаси Лео XIV нинг можарони тўхтатиш ҳақидаги чақириғини танқид қилгани учун «узр сўрайдиган жойи йўқлигини» билдирди. У понтификни Эрон масаласи каби муҳим мавзуларда «заифлик» қилаётганликда айблади.

·         Эрон кемаларига нисбатан огоҳлантириш: Трампнинг таъкидлашича, АҚШ кучлари ҳозирда амал қилаётган денгиз қамали ҳудудига яқинлашган ҳар қандай Эроннинг «тезкор ҳужумчи кемалари»ни йўқ қилади.

·         Ички сиёсат ва уруш ваколатлари: Чак Шумер бошчилигидаги Сенат демократлари Трампнинг Эронга қарши уруш олиб бориш ваколатларини чеклаш бўйича навбатдаги овоз бериш жараёнини ўтказишга интилмоқда. Шумер АҚШда ёқилғи нархининг ошишини мисол келтириб, ушбу ҳарбий кампанияни «улкан муваффақиятсизлик» деб атади.

·         Намойишчиларнинг ҳибсга олиниши: Ню-Йорк полицияси Манхэттенда Эрон билан уруш ва АҚШнинг Исроилга қурол етказиб беришига қарши норозилик билдириб, йўл ҳаракатини тўсган 90 га яқин кишини ҳибсга олди.

Исроилдаги вазият

·         Исроил «буфер зона» яратмоқда: Исроил армияси Ливан жанубида ер усти тажовузларини ва ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. «Буфер зона» яратиш мақсадида Накура каби чегараолди шаҳарчаларидаги бинолар бульдозерлар ёрдамида вайрон қилинмоқда.

·         «Ҳизбуллоҳ» ҳужумларни кучайтирди: Гуруҳ жангчилари Бинт-Жбайл ва Байяда каби ҳудудларда Исроил қўшинлари ва ҳарбий техникаларига ракета ҳамда дронлар билан зарбалар берди.

·         Исроилга қарши айбловлар: «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни АҚШ кўмагида «Буюк Исроил» лойиҳасини амалга оширишга интилаётганликда айблади.

·         Италия билан кескинлик: Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Байрутга берилган зарбаларни (300 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан) «қабул қилиб бўлмас» деб қоралагач, Исроил Италия элчисини тушунтириш бериш учун чақиртирди.

·         Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги жангларда бир аскар ҳалок бўлганини ва яна уч нафари жароҳатланганини тасдиқлади.

Ливандаги вазият

·         Исроил Ливанга ҳужумларни давом эттирмоқда: Ливан жанубига бостириб кириш шиддати ошган бир пайтда, 2 мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 2089 кишига етди.

·         Сешанба куни Исроил дрони Набатия яқинида ҳаракатланаётган автомобилга зарба бериши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил кучлари Бекаа водийси шарқидаги Машғара ва Соҳмор шаҳарларига иккита ҳаво ҳужуми уюштирган.

·         Жамоатчилик фикри иккига бўлинган: Ливан фуқаролари музокаралар борасида турлича фикрда. Баъзилар урушдан чарчаганликларини ва дипломатик ечимдан умид қилаётганликларини билдирса, бошқалар Исроилнинг ниятларига шубҳа билан қарамоқда ва ҳар қандай келишув барқарор бўлишига ишонишмаяпти.

·         Канада Ташқи ишлар вазири Анита Ананд Ливан жанубида Канада фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади, бироқ воқеа тафсилотларини очиқламади.

Ҳўрмуз бўғози ва энергетика инқирози

·         «Reuters» агентлигининг хабар беришича, Вашингтон томонидан санкция рўйхатига киритилган Хитой танкери АҚШнинг денгиз қамалига қарамай, Ҳўрмуз бўғозидан ўтган. Танкер ва унинг эгаси «Shanghai Xuanrun Shipping Co Ltd» компанияси аввалроқ Эрон билан алоқалари учун АҚШ санкцияларига дучор бўлган эди.

·         АҚШ Энергетика вазири Крис Райт «Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатнови тўлиқ тикланмагунча» нефт нархи кўтарилишда давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

 

Теглар

Мавзуга оид

АҚШ–Эрон можаросининг 46-куни | Vaqt.uz