
АҚШ Эронга ҳужум қилмоқчи, фақат замонавий услубда — ОАВ
АҚШ маъмурияти Эрондаги оммавий норозилик намойишлари фонида Теҳронга нисбатан босимни кучайтиришнинг турли вариантларини кўриб чиқмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаш ва Эрон раҳбариятига босимни кучайтиришнинг бир қанча вариантларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда икки юқори мартабали америкалик амалдорга таяниб Axios нашри хабар берди.
Эрон бўйича разведка маълумотларига эга бўлган Исроил мудофаа соҳаси вакилининг сўзларига кўра, пайшанба куни содир бўлган воқеалар Эрон расмийларини «жуда хавотирга солган ва вазиятни қайта кўриб чиқишга мажбур қилган».
Маълум қилинишича, муҳокама қилинаётган чоралар орасида Эрондаги муайян объектларга эҳтимолий зарбалар бериш масаласи ҳам бор. Шу билан бирга, америкалик расмийлардан бирига кўра, «маъмуриятдаги кўпчилик ҳозирги босқичда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар мамлакат ичидаги норозилик ҳаракатларини сусайтириб қўйиши мумкин», деган фикрда.
Муқобил сценарий сифатида АҚШнинг зарбдор авиация гуруҳини минтақага юбориш ҳақида эълон қилиш, шунингдек, Эрон ҳукуматига қарши киберҳужумлар ва ахборот операцияларини кучайтириш вариантлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Axios’га кўра, Исроил ва АҚШ манбалари намойишлар пайтида ҳалок бўлганлар сони Human Rights Activists News Agency томонидан эълон қилинган 116 нафардан анча кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Эрон президенти Масуд Пизишкиён эса намойишчиларни «чет элдан бошқарилаётган террорист гуруҳлар» деб атаб, уларни АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаётганини айтган.
«Бу одамлар ушбу мамлакатга тегишли эмас. Агар кимдир шу юрт фарзанди бўлса, майли, эътироз билдирсин — биз уларнинг норозилигини эшитамиз, уни тинглаймиз ва муаммони ҳал қиламиз. Улар жойида айбсиз одамларни ўлдирмоқда, ўт қўймоқда, буни қабул қилиб бўлмайди. Америка ва Исроил ўтириб олиб, уларга: Олдинга, биз ҳам шу ердамизъ, деб хитоб қилмоқда. Ўз вақтида ушбу мамлакатга ҳужум қилиб, ёшларимиз ва болаларимизни ўлдирган ўша одамлар, энди бу кимсаларга худди шундай қилишни буюриб: Биз шу ердамиз, сиз бориб вайрон қилинг, биз эса ортингиздан борамизъ, дейишмоқда», — деган Эрон раҳбари.





