АҚШ Эронга қуруқликдан ҳужум қилса нима бўлади? Экспертлар фалокатдан огоҳлантирмоқда

Кеча 22:313 дақиқа

Тоғлар, ботқоқликлар ва 50 даража иссиқ — Эрон ҳар қандай армия учун ҳалокатли қопқон бўлиши мумкин.

АҚШ Эронга қуруқликдан ҳужум қилса нима бўлади? Экспертлар фалокатдан огоҳлантирмоқда

АҚШ ва Исроилнинг Эрон объектларига берган кенг кўламли ҳаво зарбалари учинчи ҳафта давом этаётган бир пайтда, минтақа узра яна «катта уруш» ваҳимаси пайдо бўлди. Президент Доналд Трамп ўз интервюларида қуруқлик ҳужуми эҳтимолини инкор этмаяпти, Пентагоннинг 82-ҳаво-десант дивизияси бўлинмаларини сафарбар этаётгани ҳақидаги хабарлар эса вазиятдаги кескинликни янада авж олдирмоқда.

Бироқ жанговар риторика ортида аччиқ ҳақиқат яширинган. Форс ўлкаси топографияси билан таниш бўлган экспертлар юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар борасида якдил фикрда: Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий босқин ҳам логистика, ҳам инсоний йўқотишлар миқёси бўйича Виетнам ва Афғонистон урушларининг умумий оқибатларидан-да мудҳишроқ бўлиши мумкин.

1

Тарих сабоқлари ва таҳдид кўлами

Эрон 1941-йилда Буюк Британия ва СССРнинг қўшма операцияси Ризо шоҳнинг заиф армиясини тор-мор этганидан бери хорижий босқинчиларни кўрмаган. Бугунги Эрон — мутлақо бошқача рақиб. Ҳатто унинг ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарарсизлантирилган тақдирда ҳам, қуруқликдаги кучлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг (ИИМК) элита бўлинмалари тўлиқ жанговар ҳолатда. Улар майдони 1,6 миллион квадрат километрдан ортиқ бўлган ҳудуд бўйлаб тарқалиб кетган.

Таққослаш учун, Эрон ҳудуди Франция, Германия, Испания ва Португалиянинг жами майдонидан ҳам кенгдир. Бу — мамлакат Ироқдан тўрт баробар, Афғонистондан эса уч баробар катта. Бироқ Эрон мудофаасининг асосий кучи қўшинлар сонида эмас, балки унинг мураккаб жуғрофий ландшафти ва ҳудудий хусусиятларидадир.

Ҳалокатли баландлик

Америкалик ҳарбийлар учун иқлимга мослашиш масаласи энг жиддий муаммолардан бирига айланиши мумкин. Зеро, Эрон — ўзига хос «баланд тоғли қалъа»дир. Теҳрон денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг тиббий баённомаларига кўра, тегишли тайёргарликсиз бундай баландликда бўлиш «ўткир тоғ касаллиги»нинг ривожланишига ҳамда шахсий таркибнинг иш қобилияти ва жанговар шайлиги кескин тушиб кетишига олиб келади. Шиддатли ҳарбий ҳаракатлар вақтида эса иқлимга мослашиш учун вақт умуман бўлмайди.

2

Уч девор ва бир ботқоқлик

Эрон географияси табиий истеҳкомлар тизимидан иборат.

Загрос тизмаси Туркия чегарасидан Ҳўрмуз бўғозигача 1600 км масофага чўзилган бўлиб, баландлиги 4350 метргача етадиган (Дена тоғи) чўққилари билан энг муҳим нефт портлари устидан стратегик ҳукмронликни таъминлайди.

Алборз тизмаси мамлакат шимолини ва Теҳронни ҳимоя қилади. Улуғвор Дамованд тоғи (5500 метрдан баланд) ҳам айнан шу ерда жойлашган.

Жанубий соҳилларни ўраб турган Макран тоғлари денгиздан десант тушириш амалиётини тик қояга кўтарилишдек мураккаб жараёнга айлантиради. Масалан, Никшаҳр шаҳри соҳилдан атиги 96 километр узоқликда бўлса-да, 500 метр баландликда жойлашган.

НАТО тоғларда жанг олиб боришни расман «ўта мураккаб вазифа» деб тан олади. Тор соқмоқлар армияни кичик гуруҳларга бўлинишга мажбур қилади, бу эса уларни маҳаллий партизанлар учун осон ўлжага айлантиради.

«Ҳатто мунтазам армия мағлуб этилган тақдирда ҳам, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг (ИИМК) номунтазам бўлинмалари ўнлаб йиллар давомида толиқтирувчи уруш олиб боради», — дея огоҳлантиради «19FortyFive» нашри муҳаррири Крис Осборн шундай.

Чегарадаги ягона «дарча» жанубдаги Хузистон вилоятидир. Бу ҳудуд душманни тоғлар билан эмас, балки Шодегон ботқоқликлари билан кутиб олади. Бу 400 000 гектарлик ёпишқоқ балчиқ бўлиб, у ерда оғир «Abrams» танклари ҳаракатсиз темир тобутларга айланади.

3

Электрониканинг «кушандаси»

Мамлакатнинг марказий қисмида Дашти Кавир ва Дашти Лут шўрхок текисликлари жойлашган. Бу ерда аскарларни кундузи 50 даража иссиқ, кечаси эса кескин совуқ, сувсизлик ва энг асосий муаммо — тузли чанг кутмоқда. У даҳшатли коррозия кучига эга бўлиб, бир неча кун ичида Америка техникасининг юқори технологик электроникаси ва ички механизмларини ишдан чиқаришга қодир.

Муқобил вариант: «Зарба бер ва қоч»

Абердин университети профессори Томас Бонни Жеймснинг фикрича, Пентагоннинг ялпи босқинга қўл уриши даргумон. Катта эҳтимол билан, ҳозирда «жарроҳлик зарбалари» сценарийси кўриб чиқилмоқда. Бу режа махсус бўлинмаларнинг Натанз, Фордо ёки Исфаҳондаги ядровий объектларга тезкор десант тушириши ва вазифани бажариб, зудлик билан ҳудудни тарк этишини назарда тутади.

Бироқ «Chatham House» таҳлилчиси Нил Куиллиам бундай режанинг муваффақиятига шубҳа билдирди.

«Бу ўта душманона муҳитдаги юқори хавфли операциялардир. Ичкарига кириш тез кечиши мумкин, аммо бу географик лабиринтдан чиқиш абадийга чўзилиши ҳеч гап эмас», — деди у.

Теглар

Мавзуга оид