add

АҚШ Федерал захира тизими иккинчи бор фоиз ставкасини пастлади

30.10.2025 | 09:113761

АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) 29 октябр куни ўтказилган йиғилиш натижасига кўра асосий фоиз ставкасига яна 0,25 фоизлик қисқартириш киритди — энди у 3,75–4 фоиз даражасида.

АҚШ Федерал захира тизими иккинчи бор фоиз ставкасини пастлади

АҚШнинг Марказий банки вазифасини бажарувчи Федерал захира тизими (ФЗТ) икки кунлик йиғилиш — 28–29 октябр натижасида асосий фоиз ставкаси бўйича навбатдаги қарорни қабул қилди. Регулятор ставкани 25 базис пунктга пасайтириб, уни 3,75–4 фоиз оралиғида белгилади. Бу ҳақда ФЗТнинг расмий баёнотида маълум қилинди.

Бу ФЗТ томонидан асосий ставканинг 2025 йил ичида иккинчи бор пасайтирилишидир. Илк бор сентябр ойида ставка 4–4,25 фоиз даражасига туширилган эди. Ундан олдин беш марта қатор йиғилишларда регулятор ставкани ўзгаришсиз — 4,25–4,5 фоиз даражасида сақлаб келган.

Кейинги йиғилиш 9–10 декабр кунлари бўлиб ўтади.

29 октябр куни бозор таҳлилчилари ФЗТнинг ушбу қарорини олдиндан деярли аниқ башорат қилишган. Чикаго товар биржаси (CME) маълумотларига кўра, FedWatch индекси ФРСнинг 25 базис пунктга пасайтириш эҳтимолини 97,8 фоиз даражасида баҳолаган. Фақат 2,2 фоиз иштирокчи ставканинг ўзгаришсиз қолишини кутган.

Мутахассисларнинг фикрича, ФЗТнинг кетма-кет икки марта фоиз ставкаси пасайтириши АҚШ иқтисодиётидаги сустлашув белгиларини юмшатишга қаратилган. Бу қарор қарз бозорини фаоллаштириши ва инфляция босимини қисман камайтириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчилар йил охирида ФЗТ эҳтиёткорона сиёсатни сақлаб қолиши, кейинги қарорларни иш бозори ва инфляция динамикасига қараб қабул қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШ Федерал захира тизими иккинчи бор фоиз ставкасини пастлади | Vaqt.uz