АҚШ Гренландияда Россия ва Хитойга «тузоқ» қўймоқчими?

Бугун 21:502 дақиқа

Тўрт ойдан бери Вашингтонда АҚШ, Гренландия ва оролнинг ташқи сиёсати учун масъул бўлган Дания вакиллари ўртасидаги ёпиқ музокаралар давом этмоқда.

АҚШ Гренландияда Россия ва Хитойга «тузоқ» қўймоқчими?

Америка Қўшма Штатлари Гренландияда ўз ҳарбий ва иқтисодий мавқеини сезиларли даражада кенгайтиришга, Америка қўшинларининг доимий бўлишини таъминлашга ҳамда Россия ва Хитой инвестицияларини блоклашга уринмоқда. Бу ҳақда Вашингтон, Копенгаген ва Гренландиядаги манбаларига таяниб «The New York Times» нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, тўрт ойдан бери Вашингтонда АҚШ, Гренландия ва оролнинг ташқи сиёсати учун масъул бўлган Дания вакиллари ўртасидаги ёпиқ музокаралар давом этмоқда. Расмий равишда ушбу учрашувлар Доналд Трампнинг Гренландияни куч билан қўлга киритиш (назорат ўрнатиш) эҳтимоли ҳақидаги баёнотларидан кейинги кескинликни камайтириш ва НАТО ичидаги инқирознинг олдини олишга қаратилган. Бироқ Гренландия сиёсатчилари АҚШ таклиф қилаётган шартлар орол суверенитетини ўнлаб йилларга чеклаб қўйишидан хавотирда.

Нашрнинг ёзишича, Вашингтон Дания билан 1951 йилда тузилган мудофаа шартномасини қайта кўриб чиқмоқчи. Бундан мақсад – Гренландия келажакда мустақилликка эришган тақдирда ҳам Америка қўшинларининг у ерда бемуддат қолишини кафолатлашдир. Бу доимий шарт гренландияликларга маъқул келмаяпти. Бундан ташқари, АҚШ фақат ҳарбий масалалар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Америка томони Россия ёки Хитой таъсири кучайишига йўл қўймаслик учун Гренландиядаги йирик инвестициявий битимларга амалда вето қўйиш ҳуқуқини талаб қилмоқда. Гренландия ва Дания томони бунга қатъий қарши чиқмоқда.

Музокараларда табиий ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинмоқда. Гренландия нефт, уран, камёб ер элементлари ва бошқа муҳим фойдали қазилмаларга бой, гарчи уларнинг катта қисми музликлар остида чуқур жойлашган бўлса-да. Ҳозирча АҚШ ва Дания расмийлари музокараларнинг мазмунини ошкор қилмаяпти. АҚШ томонидан ушбу жараённи Давлат котиби Марко Рубионинг асосий маслаҳатчиларидан бири Майкл Нидхем бошқараётгани маълум.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландиядаги махсус вакили Жефф Лендри 18 май, душанба куни Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига келди. У Трампдан мактуб келтирганини маълум қилди. «Мен у билан тунда гаплашдим ва у: «У ерга бор ва иложи борича кўпроқ дўст орттир", деди. Мен бу ерга тинглаш ва ўрганиш учун келдим», деди Лендри. У ўз ташрифидан мақсад АҚШ, Гренландия ва Дания ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқиш эканлигини қўшимча қилди. Ташриф давомида Америка делегацияси аъзолари «Make America Great Again» ёзуви бўлган бош кийимлар кийиб юриши кузатилган.

Теглар

Мавзуга оид